Янги тарифлар ҳақида
2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда автомобил эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғуртаси (мажбурий автосуғурта) нархи тўрт баробарга оширилади. Аввалги нархлар ҳозирги нархларга солиштирилганда сезиларли кўтарилган. Хусусан:
- Ҳудудларда енгил автомобиллар учун полис нархи 40 минг сўмдан 160 минг сўмгача (4 баробар) ошади;
- Тошкент шаҳри ва вилоятида эса 56 минг сўмдан 192 минг сўмга етади (ошириш — 3,43 баробар);
- Юк автомобиллари учун ҳам нархлар ҳудудларда 48 минг сўмдан 280 минг сўмга (5,83 баробарга) оширилади, Тошкент ҳудудида эса 67,2 минг сўмдан 336 минг сўмга чиқади (ошиш 5 баробар);
- Хорижий давлатлардан вақтинча кириб келган транспорт воситалари учун нарх ҳозирги 140 минг сўмдан 560 минг сўмга (4 баробар) оширилади.
Мажбурий суғуртанинг максимал қопламаси эса икки баробар ошириб, 40 миллион сўмдан 80 миллион сўмгача кўтарилди. Бу ўзгариш йўл-транспорт ҳодисалари натижасида жабрланган шахсларнинг ҳаёти, соғлиги ва мол-мулкига етказилган зарарларни янада самаралироқ қоплашни мақсад қилган.
Бундан ташқари суғурта ҳодисаларига кўра (йўл-транспорт бахтсиз ҳодисаларига учраган ҳайдовчилар) суғурта тўловлари ҳам кўтарилади. Масалан, бир маротаба авария қилган ҳайдовчи полиси 80–112 минг сўмдан 208–249,6 минг сўмга кўтарилади.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ILMA) нинг маълум қилишича, нархларнинг ошиши суғурта бозори шароитларини ва молиявий хавфсизлик талабларини ҳисобга олган ҳолда қонунчилик йўли билан амалга оширилмоқда. Узоқ муддатда бу Ўзбекистон фуқароларининг молиявий ҳимоясини янада оширишга қаратилган чорадир.
Шунингдек, янги қонунга кўра:
- Суғурта тарифлари ва мукофотлари янгиланди ва бозор шароитларига мослаштирилди;
- Ҳайдовчилар сони асосида чекланган ёки чекланмаган суғурта полисларини расмийлаштириш мумкин бўлади;
- Суғурта билан боғлиқ даъволар ва низоларни кўриб чиқиш тартиби аниқ белгиланди;
- Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси энди фуқароларга маслаҳат бериш ва ЙТҲ ҳолатларида ҳужжатларни расмийлаштириш хизматларини ҳам кўрсатади;
- Мажбурий суғурта бўйича маълумот алмашинуви тизими давлат идоралари ўртасида йўлга қўйилади;
- 2026 йил 1 апрелдан Ягона суғурта биллинг тизими жорий этилиб, полислар бўйича тушумлар ягона марказ орқали юритилади;
- Суғурталанмаган фуқароларга нисбатан маъмурий жавобгарлик механизмлари кучайтирилади.
Бу ўзгаришлар 2025 йил 23 июлда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган қарорга асосан амалга оширилади.
Қарорга нисбатан давлат қандай позицияда?
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг хабар беришича, мажбурий автосуғурта тарифлари қайта кўриб чиқилишига 2019 йилда тасдиқланган 56 минг сўмлик суғурта мукофоти миқдори суғурта ташкилотлари учун зарарларни қоплашга етарли бўлмаётгани сабаб сифатида келтирилган.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда суғурта ташкилотлари томонидан суғурта товонларини ўз вақтида тўланмаётгани ҳамда тўланиши мумкин бўлган максимал миқдор автотранспортга етказилган зарарларни қоплашга етарли бўлмаётгани юзасидан шикоятлар сони ортиб боряпти.
Агентлик маълумотига кўра, 2023 йилда Тошкент шахрида зарарлилик даражаси 146 фоизни ташкил этган.
Tранспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича зарарлик даражаси 1-июл холатига.
Суғурта соҳасида 10 йиллик тажрибага эга суғуртачи Жаҳонгир Яқубовнинг ёзишича, йўл транспорт ҳодисаси оқибатида суғурта компанияларига ушбу уч ҳудуд энг хавфли зарарлиликда деб ҳисобланмоқда:
- Тошкент вилояти — 114.3 фоиз;
- Тошкент шаҳри — 90.1 фоиз
- Қорақалпоғистон Респубуликаси — 87.5 фоиз.
Энг кўп зарар кўраётган компаниялар эса қйидагилар:
- Infinity Insurance АЖ — 299 фоиз;
- Kapital Sugʻurta АЖ — 230 фоиз;
- Ishonch sugʻurta kompaniyasi АЖ ҚК — 139%
Маълумот ўрнида: жавобгарлик суғуртаси бўйича ўртача кўрсаткичлар кўшни Қозоғистонда 60-70 фоиз, Россияда 70-80 фоиз, АҚШда 50-70 фоизни ташкил қилади.
Шунингдек, 2019 йилдан бошлаб барқарор белгиланган 40 млн сўм суғурта суммаси йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланувчиларга етказилган зарарлар бўйича харажатларини етарли даражада қоплашга имкон бермай қолган.
Жаҳон банки статистикасига асосан, Ўзбекистонда истеъмол нархи индекси охирги 5 йил давомида 160 фоизга ошган, бундан ташқари меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ўсиши 265 фоизни ташкил этган, базавий ҳисоблаш миқдори эса 168 фоиз ўсиш динамикасини кўрсатган. Шу билан бир қаторда, республикамизда белгиланган суғурта пули ва суғурта мукофоти ҳозирда яқин қўшни давлатлар ҳамда чет эл давлатлари билан солиштирганда энг кам кўрсаткични ташкил этади.
Аҳоли нима дейди?
Қарор юзасидан Х ижтимоий тармоғида сўровнома ўтказилганда, овоз берганларнинг 40 фоизи «автосуғурта нархлари қимматлашса ҳам ишламайди», деса, 33 фоиз реципиент «қимматлашувига қаршиман» дея овоз берган. 10 фоиз аҳоли «қимматлашувига рози»лигини билдирган бўлиб, овоз берганларнинг 18 фоизи «менга фарқи йўқ» жавобини танлаган. Изоҳлар қисмида Азамат Қаршиев қуйидаги фикрни билдирди: «Мажбурий суғуртани бекор қилиш керак, тамом. Барибир суғурта ишламайди. Одамлар шу полис бўлмаса ДЙҲХХга жарима тўлайман, деб суғурта қилишади».
Экспертлар фикри қандай?
Мутахассислар фикрича, суғурта нархининг ошиши дастлаб ҳайдовчилар учун молиявий юкни оширади, аммо узоқ муддатда йўл-транспорт ҳодисалари натижасидаги зарарларни самаралироқ қоплаш, суғурта тизимини яхшилаш ва молиявий хавфсизликни кучайтиришга ёрдам беради.
Хусусан, иқтисодчи Отабек Бакиров шундай дейди:
«Табиийки, суғурта полиси нархининг кўтарилиши кўпчиликни хавотирга солиши мумкин. Лекин, унутмаслик керакки, бу келажакдаги кутилмаган харажатлардан ҳимоя дегани. Бундан ташқари, энди суғурта тўловлари билан боғлиқ низоларда бепул юридик маслаҳат олиш имконияти яратилмоқда.Шунингдек, ЙТҲ содир бўлган жойга тезкор ёрдам хизмати ҳам йўлга қўйилади. Парадокс шундаки, кўпчилик суғурта ҳақида фақат авариядан сўнг ўйлай бошлайди. Суғурта — бошқа барча чоралар самарасиз бўлиб қолганда, фойдаси тегадиган ва зарарларни қоплайдиган энг қулай восита».
Иқтисодчи қарор кучга киришидан олдин телеграмдаги расмий саҳифасида қуйидаги фикрларни билдирган:
«Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда йўл ҳаракати ҳолати хавфли бўлиб қолмоқда: ўтган йилнинг ўзида 9364 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, уларда 2,2 минг киши ҳалок бўлган ва 9,2 мингдан ортиқ киши тан жароҳати олган. Ушбу рақамлар, айниқса автомобилларни таъмирлаш ва тиббий харажатларга таъсир кўрсатувчи инфляция ўсиши шароитида, мажбурий автосуғурта шартларини зудлик билан такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Мунтазам қоидабузар ҳайдовчи билан қонунга доим риоя қилиб юрадиган ҳайдовчи учун мажбурий суғурта миқдорлари бошқа-бошқа бўлади. ЙТҲ содир қилиш эҳтимоли юқори бўлса, у етказадиган эҳтимолий зарар миқдори ҳам шунча юқори бўлади, тартибли, қоидасевар ҳайдовчининг эҳтимолий зарар миқдори эса, табиийки, кам бўлади» .
Умуман олганда, қарор кучга киргандан кейин мажбурий суғурта тарғиботи тушунарли шаклда олиб борилиши зарур. Нарх оширилганидан сўнг ахборот шаффофлиги ва тезкор хизмат сифатига ҳам кафолат берилиши мақсадга мувофиқ. Суғурта фақат қоғозда эмас, ҳаётда ишлаши учун эса халқни эмас, тизимни ислоҳ қилиш керак.
Меҳриноза Фармонова тайёрлади.