HUMO тўлов тизими ярим йилда 124 млрд сўм соф фойда олди

19:24 | 2 дақиқада ўқилади.

HUMO тўлов тизими 2025 йилнинг январ-июн ойларида 124,3 миллиард сўм соф фойда қайд этди. Бу ҳақда компания тақдим этган молиявий ҳисоботда маълум қилинди.

HumoФото: Repost.uz

Компаниянинг маълум қилишича, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 52,4 миллиард сўмга, яъни 73 фоизга кўпдир. 2024 йил якунида HUMO жами 167,3 миллиард сўм соф фойда олган эди. Шундай қилиб, компания жорий йилнинг ярмидаёқ ўтган йилги фойда даражасига яқинлашди.

Соф тушум бўйича ҳам ижобий динамика кузатилди — 224,9 миллиард сўм, бу 2024 йилнинг биринчи ярмига нисбатан 60 фоизга юқори. Бироқ бу билан бирга компаниянинг маъмурий харажатлари ҳам 18,74 миллиард сўмни ташкил қилди.

Компания тақсимланмаган фойдада ҳам ўсишга эришди. Ҳисоботга кўра, ушбу кўрсаткич 76,2 миллиард сўмга ошиб, 327,6 миллиард сўмга етди.

1 июл ҳолатига кўра, HUMO тўлов тизимининг умумий активлари 574,7 миллиард сўмни ташкил қилган бўлиб, бу йил бошидан бери 80,66 миллиард сўмлик ўсишни англатади.

Компания томонидан ҳисобот даврида 13,8 миллиард сўм даромад солиғи тўлангани ҳам қайд этилган.