Жанубий Кореяда хорижликлар сони рекорд даражага етди

14:30 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил июн ойи ҳолатига кўра, Жанубий Кореяда яшовчи хорижликлар сони 2,73 миллион нафарга етди. Уларнинг учдан бир қисмини хитойликлар ташкил этади. Мамлакатда ўзбекистонликлар сони ҳам қарийб 100 минг нафарга яқинлашди.

Janubiy koreya

Бу ҳақда Anadolu агентлиги мамлакат миграция хизмати маълумотларига таяниб хабар берди.

Шундан 1,56 миллион нафари расман рўйхатдан ўтган хорижликлар ҳисобланади. Бундан ташқари, 552 мингдан ортиқ фуқаро — хориж фуқаролигида бўлган корейс миллатидан, яна 620 минг киши эса қисқа муддатли, асосан сайёҳлик визаси билан мамлакатда вақтинча яшамоқда.

Пандемиядан аввал, 2019 йилда Жанубий Кореяда биринчи бор 2,52 миллион хорижлик рўйхатга олинган эди. Аммо 2021 йилда бу кўрсаткич 1,96 миллионга тушган. Кейинги йилларда миграция қайта фаоллашиб, 2023 йил охирида 2,65 миллион нафарга, 2025 йил июнга келиб эса 2,73 миллион нафарга етди.

Миллатлар кесимида хитойликлар 972 минг нафар (35,6 фоиз) билан етакчилик қилмоқда. Кейингилар — ветнамликлар (341 минг), америкаликлар (196 минг), таиландликлар (173 минг) ва ўзбекистонликлар (98 457 нафар).

Хорижлик аҳолининг ярми Сеул ва унга туташ метрополитен ҳудудларида, қолган қисми эса марказий Чунчхонг ва жанубий провинцияларда яшамоқда. Мигрантларнинг асосий қисми — 20 ёшдан 39 ёшгача бўлган фаол меҳнат ёшидаги шахслардан иборат.

Тахминан 20 фоиз мигрантда хориждаги корейслар учун мўлжалланган F-4 визаси бор, 12 фоизида E-9 визаси — малакали бўлмаган ишчилар учун рухсатнома мавжуд. Шунингдек, мамлакатда F-5 (доимий яшаш), D-2 (талабалик) ва B-2 (сайёҳлик) визалари орқали бўлиб турувчи хорижликлар ҳам қайд этилган.