Озарбойжон президентининг қизлари Бодрумдаги люкс ҳотелга 500 млн евроли сармоя киритди

16:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг қизлари Лайло ва Орзу Алиевалар Туркиядаги туризм соҳасига йирик инвестиция киритди. Улар катта улушга эга бўлган Pasha Holding компанияси Бодрумдаги «Mandarin Oriental» ҳотелига тахминан 500 млн евро сармоя киритиб, унинг 50 фоизига шерик бўлди.

Aliyevalar

Бодрумда жойлашган мазкур ҳотел 2014 йилда Astaş Holding томонидан 650 миллион евро маблағ эвазига қурилган бўлиб, Европадаги энг нуфузли дам олиш масканларидан бири ҳисобланади. Отелда 132 та хонани ўз ичига олган люкс виллалар ва шахсий ҳавзалар мавжуд. У халқаро даражада 140 дан ортиқ мукофотга лойиқ топилган.

Ҳамкорлик шартномаси ўтган йили Astaş Holding раиси Ведат Ашжи ва Pasha Holding бош директори Жалол Қосимов ўртасида имзоланган. Шундан сўнг, ҳотелнинг ярми расман озарбойжонлик сармоядорлар назоратига ўтди. Ведат Ашжи бу шериклик Бодрум ва Туркияга катта қиймат қўшишини таъкидлади, деб ёзмоқда Sondakika.com нашри.

Pasha Holding — Боку марказида жойлашган, Озарбойжондаги энг таъсирли оилалардан бири — Пашаевлар оиласига тегишли бўлиб, унинг улушдорлари орасида Алиевнинг икки қизи — Лайло ва Орзу Алиевалар катта улушга эга. Компания нафақат ҳотелчиликда, балки банкчилик, суғурта, кўчмас мулк ва энергетика соҳаларида ҳам фаолият юритади. 2021 йил якунида унинг активлари 9,5 млрд долларга етган.

Pasha Holding Туркия бозорига илк бор 2013 йилда кириб келган. У Pasha Bank орқали мамлакатнинг молиявий секторида ҳам иштирок этмоқда. Ушбу сўнгги шериклик эса гуруҳнинг Туркия иқтисодиётига бўлган ишончи ва узоқ муддатли сармоявий режаларини янада мустаҳкамламоқда.

Бодрумнинг Жаннат Кўйи ҳудудида жойлашган ушбу ҳотелни Mandarin Oriental Hotel Group бошқармоқда. Лойиҳа 2010 йилда ишлаб чиқилган ва 2014 йил 7 июлда фаолият бошлаган.