Ўзбекистон Японияга ютқазиб чемпионликни бой берди

28.07.2025 22:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Тошкентда ўтган Мироброр Усмонов кубогининг ҳал қилувчи баҳсида Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Японияга мағлуб бўлиб, мусобақа ғолиблигини қўлдан чиқарди. Японлар барча ўйинларда ғалаба қозониб, чемпионликни қўлга киритди.

JapanФото:sports.kz

Тошкентда ҳар йили ўтказиладиган Мироброр Усмонов хотира кубогининг навбатдаги босқичи якунланди. Жорий йилги мусобақада Ўзбекистон, Япония ва Саудия Арабистонининг 23 ёшгача бўлган терма жамоалари иштирок этди.

28 июл куни бўлиб ўтган ҳал қилувчи учрашувда Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Японияга қарши майдонга тушди. Беллашувда японлар 2:0 ҳисобида устунликка эришиб, мезбон жамоани мағлубиятга учратди.

Бу натижага кўра, барча учрашувларда зафар қучган Япония терма жамоаси мусобақа чемпионлигига сазовор бўлди. Ўзбекистон эса 3 очко билан иккинчи ўринда қолди. Саудия Арабистони терма жамоаси эса учинчи бўлди.