Ўзбекистонда 115 тонна юк кўтарувчи темирйўл вагонлари ишлаб чиқарилмоқда

15:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда 6 ўқли, 115 тонна юк кўтарувчи самосвал-думпкар вагонлари маҳаллийлаштирилмоқда. Янги лойиҳа нафақат ички эҳтиёж, балки экспорт бозори учун ҳам мўлжалланган бўлиб, биринчи вагон августда йўлга чиқиши режалаштирилган.

Poyezd

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ хабарига кўра, янги авлод юк кўтарувчи темирйўл вагонларини ишлаб чиқариш бошланди. Бунда 6 ўқли, 115 тонна юк кўтариш қувватига эга самосвал-думпкарлар маҳаллий корхоналар ҳамкорлигида тайёрланмоқда.

Лойиҳа «Андижон механика заводи» ҳамда «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» ўртасидаги ҳамкорлик асосида амалга оширилмоқда. Дастлабки намуна — мустақилликнинг 34 йиллиги муносабати билан 2025 йил август ойида йўлга чиқиши режалаштирилган.

Умумий қиймати 501,76 млрд сўмлик лойиҳа 2024 йил ноябрда имзоланган меморандум доирасида амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, «Навоийуран» давлат корхонаси буюртмаси асосида 45 дона цистерна-вагон ишлаб чиқарилиб, шундан 10 таси фойдаланишга топширилди.

Экспорт йўналишида ҳам фаолият олиб борилмоқда. Хусусан, Туркманистоннинг «Ege Logistika» компаниясига умумий қиймати 4,452 млн долларлик 56 дона нефть маҳсулотларини ташувчи цистерна-вагонлар етказиб берилади. Ҳозиргача 6 донаси (477 минг долларлик) юборилди. Шу миқдордаги экспорт туркман тадбиркори Б. Поллиевга ҳам амалга оширилмоқда.

Қозоғистоннинг «Kazsink Temir Trans» компанияси учун эса Ўзбекистонда қайта ишланган олтингугурт кислотасини ташишга мўлжалланган 10 дона цистерна-вагон экспорт қилинмоқда. Шартнома қиймати 301 минг долларни ташкил этади.