Ўзбекистонда бизнес муҳити икки йиллик рекордни янгилади

10:00 | 7 дақиқада ўқилади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CEIR) 2025 йилнинг июн ойида Ўзбекистон бўйлаб тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари асосида навбатдаги бизнес муҳити индексини эълон қилди.

Biznes muhit1

Таҳлилларга кўра, июн ойи якунлари билан мамлакатдаги бизнес муҳити индекси 63 бандни ташкил этди. Бу сўнгги икки йилда қайд этилган энг юқори кўрсаткич саналади.

Biznes muhit
Инфографика: Review.uz

Июн ойида бизнес муҳити индексининг жорий ҳолати 47 бандни ташкил этди, бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 бандга ошганлигини кўрсатади.

Бизнеснинг жорий ҳолати индекси тадбиркорларнинг мамлакатдаги реал вазият ва бизнес юритиш шароитлари ҳақидаги тасаввурини акс эттиради. Унда савдо ҳажми, бандлик, талаб, ресурсларга етишимлилик ҳамда операцион муҳит барқарорлиги каби омиллар инобатга олинади, деб Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таъкидлади.

Шунингдек, бизнеснинг истиқболдаги кутилмалар индекси 6 бандга ошиб, 80 бандни ташкил этди. Бу эса тадбиркорлар орасида келгусидаги иқтисодий шароитларга нисбатан ишонч сақланиб қолаётганини билдиради.

 

Тадбиркорлар қандай фикрда?

CEIR томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, иштирок этганларнинг 38 фоизи бизнес ҳолатининг яхшиланганини билдирган. Яна 38 фоиз тадбиркор маҳсулот ва хизматларга бўлган талаб ошганини, 24 фоиз респондент эса корхоналарида ишчилар сони ортганини қайд этган.

Шу билан бирга, сўровда иштирок этганлар тадбиркорларнинг 71 фоизи келгусида талаб ўсишини, 59 фоиз ишчилар сони кўпайишини, 21 фоизи эса нархлар ўсишини кутмоқда.

 

Соҳалар кесимида кўрсаткичлар

Саноат

Саноат соҳасида июн ойидаги бизнес муҳити индекси 59 бандни ташкил этди. Бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 5 бандга юқори. Истиқлболдаги кутилмалар индекси 73 банддан 83 бандга ошган, жорий ҳолат индекси эса 37 бандда қолган.

Саноат соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларнинг 38 фоизи сўнгги уч ой ичида ўз бизнес ҳолати яхшиланганини билдирган. 79 фоиз эса келажакда янада яхшиланиш бўлишини кутмоқда.

Қишлоқ хўжалиги

Қишлоқ хўжалиги йўналишида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилди. Умумий индекс 59 бандни ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан 3 бандлик ўсишдир. Жорий ҳолат индекси 41 бандга (+6), истиқболдаги индекс эса 83 бандга (+3) етди.

Сўровда қатнашган фермерларнинг 49 фоизи ҳозирги фаолиятини «қониқарли» деб баҳолаган. 22 фоизи ишчилар сонининг ортганини, 79 фоизи эса келажакда фаолият янада яхшиланишини билдирган.

Хизмат кўрсатиш соҳаси

Хизматлар соҳасида бизнес муҳити индексида энг юқори ўсиш кузатилди — 68 банд (+17). Жорий ҳолат индекси 57 бандни, истиқлболдаги индекс эса 79 бандни ташкил этди.

Бу соҳада тадбиркорларнинг 47 фоизи жорий ҳолатни “яхши” деб баҳолаган, 39 фоизи эса сўнгги уч ойда бизнес шароитлари яхшиланганини билдирган. 71 фоиз эса талаб ортишини кутмоқда.

Қурилиш

Қурилиш соҳасида умумий индекс 61 бандни ташкил этди (+4). Жорий ҳолат индекси 49 бандга (+15) кўтарилган бўлса-да, истиқлболдаги кутилмалар 9 бандга камайиб, 73 бандни ташкил этди.

Ушбу тармоқда сўровда қатнашганларнинг 36 фоизи бизнес ҳолати яхшиланганини билдирган. Бироқ 21 фоиз респондент яқин келажакда ҳолат ўзгаришсиз қолишини кутаётганини билдирган.

Июн ойида тадбиркорлик муҳити ижобий томонга ўзгараётгани кузатилди. Айниқса, хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият сезиларли даражада ошди — бу соҳада энг катта ўсиш қайд этилди. Саноат ва қишлоқ хўжалигида ўсиш барқарор давом этмоқда, аммо қурилиш соҳасида тадбиркорлар эҳтиёткорлик билан вазиятни кузатмоқда.

Ўзбекистон бизнес муҳити индекси 1000 дан ортиқ корхона раҳбарлари орасида ўтказилган сўровлар асосида тайёрланади. Улар ишлаб чиқариш, талаб, нархлар каби ҳолатлар ҳақида ўз фикрларини билдиришади, деб CEIR ёзмоқда.

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.