«Ўзсувтаъминот» ахборот хизмати тарқатган маълумотларга кўра, мамлакат бўйича аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 81,5 фоизни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич юртимизда ичимлик суви инфратузилмасини яхшилашга қаратилган ишлар самараси сифатида баҳоланмоқда.
Тошкент шаҳри 98,4 фоиз билан мамлакатда етакчилик қилмоқда. Ундан кейин Сирдарё (87,7 фоиз), Наманган (87 фоиз) ва Андижон (92 фоиз) вилоятлари қайд этилган. Энг паст кўрсаткич эса Қашқадарё вилоятида кузатилди — бу ерда аҳолининг атиги 61,2 фоизи марказлашган ичимлик сувидан фойдаланмоқда.
2025 йил бошларида ҳам Қашқадарё мамлакатда сўнгги ўринда бўлган. Сурхондарё (66,5 фоиз) ва Бухоро (74,3 фоиз) вилоятларида ҳам аҳолининг катта қисми сув таъминотидан етарлича баҳраманд эмас.
Ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида ҳукумат томонидан 35 трлн сўм маблағ ажратилган. Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йилда 1619 км ичимлик суви тармоқлари қурилиши режалаштирилганини маълум қилган.
Маълумот учун, ичимлик суви сифатли бўлиши учун давлат стандарти — ЎзДСт 951:2011 талабларига тўлиқ жавоб бериши, хавфсизлиги ва лаборатория синовларидан ўтганлиги шарт. Сифат талабларига жавоб бермайдиган манбалардаги сувлар эса махсус иншоотларда тозаланади.