Ўзбекистонга келаётган ҳиндистонлик туристлар сони кескин ошган

11:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонга ташриф буюрган Ҳиндистон фуқаролари сони 2025 йил бошидан бери сезиларли даражада ортган. Мамлакатга қизиқиш тобора ортиб бораётгани туризм секторидаги ижобий ўзгаришларни намоён этмоқда.

Hindistondan kelgan sayyohlar

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг январ-май ойларида Ўзбекистонга 28,5 минг нафар ҳиндистонлик турист келган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,3 минг нафарга кўп, яъни 22,7 фоизлик ўсишни англатади.

Ҳиндистонликларнинг ташрифи асосан сайёҳлик мақсадида амалга оширилган. Хусусан, 17 956 нафар турист мамлакатга дам олиш ва тарихий жойлар билан танишиш учун келган. Шунингдек, 7 557 нафар киши хизмат сафари билан ташриф буюрган.

Ўқиш мақсадида келганлар сони ҳам юқори — 2 710 нафар ҳинд талабалари турли олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда. 253 нафар меҳмон эса қариндошларини йўқлаш учун келган. Тижорат мақсадида ташриф буюрганлар сони 10 нафарни ташкил этди.

Ушбу маълумотлар Ўзбекистоннинг Ҳиндистон билан туризм соҳасидаги алоқалари ривожланаётганидан далолат беради. Мамлакатнинг қулай виза сиёсати, бой маданий мероси ва сайёҳлик инфратузилмасини яхшилаш борасидаги ҳаракатлари меҳмонлар оқимини оширмоқда.