Паркентда Корея услубида «Чашма» этно қишлоғи очилди

10:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Тошкент вилояти Паркент туманида Жанубий Корея фолклор анъаналари асосида ташкил этилган «Чашма» этно қишлоғи расман ўз фаолиятини бошлади. Мазкур лойиҳа нафақат сайёҳлик салоҳиятини ошириш, балки ҳудуднинг маданий ва табиий меросини сақлашга қаратилган.

Chashma qishlog'i

Лойиҳа 2022 йилда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегациянинг Жанубий Кореяга амалий сафари чоғида илгари сурилган. Геонгсангбук-до вилоятидаги машҳур Andong Xaxve фолклор қишлоғи билан танишувдан кейин, шунақа этно-қишлоқни Паркентда барпо этиш таклиф этилган ва бу ташаббус Ўзбекистон президенти томонидан маъқулланган.

«Чашма» этно қишлоғи нафақат архитектураси ва анъанавий қурилиш услублари, балки миллий либослар, амалий санъат намуналари ва маҳаллий маданиятни намоён этувчи омиллари билан сайёҳлар учун катта қизиқиш уйғотиши кутилаяпти.

Очилиш маросимида фолклор ансамбллар чиқиши, миллий либослар дефилеси ва рассомларнинг кўргазмалари бўлиб ўтди. Шунингдек, хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари, жумладан, Жанубий Кореянинг Move журнали ҳам тадбирда иштирок этди.

Пресс-тур доирасида журналистлар оилавий меҳмон уйлари, «Олтин бел» тепалигидаги курорт зонаси ва бошқа туризм инфратузилмаларини кўздан кечиришди. Бу каби лойиҳалар Паркентни халқаро туризм харитасидаги муҳим нуқтага айлантириши мумкин.