Қарз ботқоғи: Ривожланаётган давлатлар даромадининг 8,6 фоизи фақат қарз тўловига кетмоқда

21:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ривожланаётган мамлакатлар 2023 йилда четдан олган қарзларини қайтариш ва фоизларини тўлаш учун жами 487 миллиард доллар сарфлади. Бу мамлакатларнинг ярми давлат даромадларининг камида 8,6 фоизини фақат қарз тўловларига йўналтирмоқда.

Debt

БМТнинг Савдо ва тараққиёт бўйича ташкилоти (UNCTAD) тарқатган янги ҳисоботга кўра, ривожланаётган мамлакатларда ташқи давлат қарзига хизмат кўрсатиш, яъни олинган қарзларни қайтариш ва фоизларини тўлаш билан боғлиқ юк ортиб бормоқда. 2023 йилда бу мақсадда 487 миллиард доллар сарфланган ва бу кўрсаткич кейинги йилларда яна ўсиши мумкин.

Экспертлар айтишича, 2010 йилда ривожланаётган давлатлар бюджетининг ўртача 4,7 фоизи қарз тўловларига сарфланган бўлса, 2023 йилга келиб бу кўрсаткич 8,6 фоизга етди. Бу эса давлат молиясидаги мувозанатни жиддий таҳдид остида қолдирмоқда.

Ташқи қарзга хизмат кўрсатиш ва экспорт тушумлари ўртасидаги нисбат ҳам сезиларли даражада ёмонлашган — 2010 йилдаги 3,2 фоиздан 6,5 фоизгача ўсган. Бу дегани, мамлакатлар ташқи қарз учун кўпроқ валюта ресурсларини сарфлашга мажбур бўлмоқда.

UNCTAD маълумотларига кўра, 2023 йилда таҳлил қилинган ҳар учта ривожланаётган мамлакатдан иккитаси ташқи қарз тўловларига экспортининг 5 фоизидан кўпроғини йўналтирган. Бу ҳолат айниқса Африка, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасидаги мамлакатларда кузатилмоқда.