Сербия Марказий банки 2025 йилда барча олтин захираларини мамлакат ичига қайтариш жараёнини якунлашни мақсад қилмоқда. Бу қарор 2021 йилдан бери олиб борилаётган жараённинг давоми бўлиб, унга глобал молиявий беқарорлик ва геосиёсий хавфлар туртки бўлган.
Марказий банк баёнотида таъкидланишича, «олтиннинг мамлакат ҳудудида сақланиши инқироз даврида унинг хавфсизлигини кафолатлайди». Агар бу режа амалга ошса, Сербия Шарқий Европада ўз олтини бутунлай мамлакат ҳудудида сақлайдиган илк давлатга айланади.
Маълумотларга кўра, 2019 йилдан 2023 йилгача Сербия 17 тонна олтинни хориждан сотиб олган. Шунингдек, Zijin Mining Group компаниясидан яна 19 тонна олтин харид қилинган. Ҳозирги кунда мамлакатнинг умумий олтин захираси 50,5 тонна ёки тахминан 6 млрд долларга тенг.
Бу захираларнинг асосий қисми пойтахт Белградда сақланмоқда. Фақатгина 2024 йилда харид қилинган 5 тонна олтин ҳозирча Швейцарияда жойлашган бўлиб, улар ҳам яқин орада ватанига қайтарилиши кутилмоқда.
2022 йилда Россиянинг валюта захиралари музлатиб қўйилгандан сўнг, дунёнинг кўплаб марказий банклари доллар ва евродаги активлар хавфига жавобан олтин захираларини кўпайтиришга ҳаракат қилди. Шу боис олтинни хориж эмас, ўз ҳудудида сақлаш мустаҳкам молиявий мустақиллик ва хавфсизлик гарови сифатида қаралмоқда.