Охирги маълумотларга кўра, тўқнашувларда камида 33 киши, жумладан ҳарбийлар ва тинч фуқаролар ҳалок бўлган, 200 мингдан зиёд аҳоли ўз уйларини тарк этган.
Можарони бартараф этишга АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам фаол аралашди. У шанба куни ҳар икки давлат раҳбарларига қўнғироқ қилиб, зудлик билан ўт очишни тўхтатишни талаб қилди. Якшанба куни эса Таиланд бош вазири вазифасини бажарувчи Пумтам Вечайчай музокараларда қатнашишини эълон қилди. Камбоджа томонидан бош вазир Хум Манет қатнашиши маълум қилинган.
Трампнинг Truth Social тармоғида ёзишича, ҳар икки давлат тез орада тинчлик режимини ишлаб чиқиш ниятида. Камбоджа ўт очишни тўхтатиш таклифини қабул қилганини ва Трамп воситачилиги туфайли қурбонлар сони камайиши мумкинлигини билдирди. Таиланд эса тинчлик учун Камбоджа билан тўғридан-тўғри мулоқот зарурлигини таъкидлади.
Можаро тарихи чуқур илдизларга эга. XIX асрда Камбоджа Франция Ҳиндихитойи таркибида бўлган даврда белгиланган чегаралар бугунгача баҳсли ҳудуд сифатида сақланиб қолган. 1962 йилда БМТ Халқаро суди Прэахвихеа ибодатхонаси Камбоджага тегишли деб топган бўлса-да, ўзаро низолар тўхтамаган.
Бу сўнгги тўқнашув 2023 йилдаги бўҳрондан кейинги энг йирик ҳарбий кескинлик ҳисобланади. АҚШ 1 августдан бошлаб ҳар икки давлат товарларига 36 фоизлик бож жорий этиши мумкинлигини маълум қилган ва бу музокараларнинг шошилинч тарзда ўтказилишига сабаб бўлди.