Тошкентда яна 6 та метро бекатида поездлар ҳаракати тўхтатилади

13:00 | 3 дақиқада ўқилади.

2 августдан бошлаб Тошкент метросининг «Технопарк – Янгиобод» йўналишида ҳаракатланаётган поездлар вақтинча тўхтайди. Бу режали профилактик таъмирлаш ишлари билан боғлиқ. Йўловчилар учун вақтинча бепул автобуслар қатнови йўлга қўйилади.

Metro tas

«Тошкент метрополитени» ДУК маълумотига кўра, 2025 йил 2 августдан бошлаб ер усти ҳалқа йўналишида жойлашган «Технопарк – Янгиобод» бекатлари оралиғида поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилади. Бу ер усти эстакадалари ва бекатларда режали профилактик ишлар олиб борилиши билан боғлиқ.

Ҳозирда ушбу йўналишда 14 та бекатдан иборат «Технопарк – Қипчоқ» участкаси йўловчиларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, мунтазам равишда бундай объектларда техник ва хавфсизлик ишлари амалга оширилиши керак.

Режали таъмирлаш ишлари фақат «Технопарк – Янгиобод» участкасига тааллуқли бўлиб, шу оралиқда поезлар ҳаракати вақтинча тўхтайди. Шу сабабли йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида, «Технопарк – Қипчоқ – Технопарк» оралиғида катта сиғимли бепул автобуслар — метробуслар қатнови ташкил этилади. Уларнинг ҳаракат жадвали ҳар куни соат 05:00 дан 23:00 гача белгиланган.

«Тошкент метрополитени» юзага келаётган вақтинча ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўраган. Таъмирлаш ишларининг қанча муддат давом этиши аниқ кўрсатилмаган, аммо ишларни тез ва сифатли бажаришга ваъда берилган. Ҳодисага оид расмий маълумотни «Тошкент метрополитени» давлат унитар корхонаси тақдим этган.