Уй-жой таъмири, контракт ва тиббий ёрдам: aёллар учун ижтимоий имтиёзлар кенгайтирилди — ҳукумат қарори

14:00 | 8 дақиқада ўқилади.

Камбағал оиладаги хотин-қизлар энди уйларини таъмирлаш учун 20 млн 600 минг сўмгача бепул ёрдам олиши мумкин. Шунингдек, аёллар учун ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш учун грант ажратиш, ОТМ тўлов контрактларини тўлаш ҳамда тиббий амалиёт харажатларини қоплаб бериш ҳам кўзда тутилган.

Ayollar

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2025 йил 23 июлда «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Саховат ва кўмак» жамғармалари маблағлари ҳисобидан ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга доир қарор қабул қилинди. Ушбу ҳужжат билан «Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

 

Кимларга ёрдам берилади?

Қарорга мувофиқ, жамғармаларнинг молиявий ёрдами ойлик даромади ҳар бир оила аъзосига меъёрий истеъмол харажатларининг икки баробаридан ошмайдиганларга тақдим этилади. Бу ёрдам ижтимоий эҳтиёжларга қараб — фуқароларга уй-жой шароитини яхшилаш ва соғлиғини сақлаш йўналишларида кўрсатилади.

Ёрдам вилоятлар ва туманлар кесимида аҳолининг сони, ногиронлиги бўлган фуқаролар ва кам таъминланган оилалар улушидан келиб чиқиб тақсимланади.

 

Яна қандай имтиёзлар берилади?

  • Турар жой ижараси учун компенсация тўлаш;
  • Ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш учун грант ажратиш;
  • Тўлов контрактларини тўлаш;
  • Тиббий амалиёт харажатларини қоплаб бериш;
  • Бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш;
  • Ер участкаларини аукционда сотиб олиш харажатларини қоплаб бериш кўзда тутилган.

 

Уй-жой таъмирлаш учун ёрдам

Бюджет ҳисобидан аёллар уйини таъмирлаш учун зарур бўлган қурилиш материалларини етказиб берувчи ташкилотларга «Аёллар дафтари» жамғармаси орқали шартнома асосида БҲМнинг 50 бараваригача — 20 млн 600 минг сўм миқдорида маблағ ажратилади. Бунда БҲМнинг 1 августдан бошлаб 412 минг сўм этиб белгилангани асос бўлиб хизмат қилади.

 

Тиббий ёрдам олиш учун имтиёз

Бу ёрдам  камбағал оилалар рўйхатига киритилган 30 ёшдан катта хотин-қизлар, ойлик даромади ҳар бир оила аъзосига меъёрий истеъмол харажатларининг икки баробаридан ошмайдиганларга тақдим этилади.

Тиббий ёрдам учун 2 хил миқдор белгиланган:

  1. Жарроҳлик амалиётисиз даволаниш. Бунда БҲМнинг 50 бараваригача ёрдам берилади.
  2. Жарроҳлик амалиёти учун ёрдам. Бунда Давлат тиббий суғурта жамғармаси томонидан қопланиши белгиланган базавий нархлар белгиланган.

Ижтимоий ёрдамни олиш учун ихтисослаштирилган муассасаларда тиббий хизмат қиймати кўрсатилган ҳамда QR кодга эга йўлланма талаб қилинади.

 

Турар жой ижараси учун компенсация

«Аёллар дафтари» жамғармаси маблағлари ҳисобидан турар жой ижараси учун тўловларнинг 50 фоизи, лекин кўпи билан 500 минг сўмгача ёрдам берилади. Тошкент, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида БҲМнинг 3 бараваригача миқдорда қоплаб берилади.

 

Ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш учун грантлар

Аёллар учун махсус грант дастури эълон қилинади. Бу грант аёлларнинг иш топиши ва жамиятда фаол бўлишига ёрдам бериш учун мўлжалланган. Грант миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 бараварини ташкил этади. 1-августдан бошлаб аёллар учун ижтимоий лойиҳа грантининг миқдори 24 млн 720 минг сўм бўлади.

Аёллар ва аёллар билан ишлайдиган ташкилотлар бу грантга ариза беришлари мумкин. Ҳар ойда энг яхши лойиҳалар танланади ва ғолиблар 8-март кунида эълон қилинади. Бир киши йилига фақат бир марта грант олиши мумкин.

 

ОТМ тўлов контрактларини қоплаб бериш

Бу имтиёз камбағал оилалар рўйхатига киритилган 30 ёшдан катта хотин-қизлар ва уларнинг икки ёки ундан ортиқ фарзандларининг бир нафарига тўлаб берилади.

Яъни тўлов контракт миқдорининг 50 фоизигача, бироқ БҲМнинг 50 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда қопланади. (1 августдан бошлаб 20 млн 600 минг сўмга тенг бўлади)

 

Бир марталик ёрдам

Боқувчисини йўқотган, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, тезкор тиббий муолажага муҳтож, қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд хотин-қизларга бир марталик ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Бу БҲМнинг 4 бараваригача бўлиши назарда тутилган, яъни 1 августдан бошлаб ҳисобланса 1 млн 648 минг сўм бўлади.

 

Ер участкаларини сотиб олиш харажатларини қоплаш

Камбағал оилалар реестрига киритилган 30 ёшдан ошган ногиронлиги бор хотин-қизлар учун ер участкаларини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларга ёрдам берилади. Агар ауцион орқали сотиб олиш харажатлари миқдори БҲМнинг 100 бараваригача бўлганда тўлиқ, бундан юқори бўлганда эса шу миқдоргачага тўлаб берилади. (1 августдан бошлаб 41 млн 200 минг сўм).

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.