«UZKAD» тизими орқали ерлар тўлиқ рақамлаштирилмоқда

10:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда ер ресурсларини электрон хариталаш ва давлат рўйхатига олиш бўйича ишлар янги босқичга чиқди. Мамлакатдаги 44,9 млн гектар ер майдонининг қарийб 95 фоизи «UZKAD» ахборот тизимига киритилди.

Kadastr

Ўзбекистонда ерлардан самарали фойдаланиш, уларни қонунийлаштириш ва солиқ тизимини такомиллаштириш мақсадида рақамлаштириш ишлари жадал суръатда олиб борилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, мамлакат бўйича мавжуд 44,9 млн гектар ер майдонининг 42,5 млн гектари электрон харитага туширилди.

Шу асосда 1,9 млн та ердан фойдаланувчилар учун 42,1 млн гектар ер бўйича кадастр йиғма жилдлари тайёрланиб, давлат рўйхатига олинди. Бунда энг катта улуш қишлоқ хўжалиги ерларига тўғри келади — 23,2 млн гектар ер рўйхатдан ўтказилган.

Сув фонди ерларининг 1 млн гектари, ўрмон фонди ерларининг 11 млн гектари, табиатни муҳофаза қилиш ерларининг 4,2 млн гектари ва захира ерларининг 2,3 млн гектари ҳам давлат рўйхатига киритилди. Бу жараёнларда жами 155,8 млрд сўмлик қўшимча солиқ тушумлари аниқланган.

Шунингдек, 366,5 мингта субъект ҳужжатсиз фаолият юритган ерлар бўйича «фойдаланувчи» сифатида ҳисобга олинди. Илгари қайд этилмаган 181,7 мингта объект ва 2,3 мингта қўшимча қурилма аниқланган.

«UZKAD» тизими орқали амалга оширилаётган ушбу рақамлаштириш ишлари ер ресурсларини самарали бошқариш, ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига чек қўйиш ва бюджет даромадларини оширишда муҳим омилга айланмоқда.