Хитойнинг Шэнси провинцияси ҳукумати Тошкент давлат транспорт университетига умумий қиймати 13 миллион юан (тақрибан 1,8 миллион доллар) бўлган таълим грантини ажратди. Бу ҳақда «Dunyo» ахборот агентлиги расман маълум қилди.
Грант доирасида 10 нафар PhD, 40 нафар магистратура ва 60 нафар бакалавриат талабалари Хитойда таҳсил олиш имконига эга бўлади. Ўқув дастурлари 1+1 (магистратура) ва 2+2 (бакалавриат) шаклида ташкил этилади.
Таълим гранти Чанъан университетида амалга ошириладиган ўқув дастурларини қамраб олади. Мазкур ташаббус Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги таълим соҳасидаги стратегик ҳамкорлик натижасидир.
Лойиҳа орқали ўзбекистонлик талабалар халқаро академик муҳитда замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлиш, шунингдек, нуфузли халқаро диплом олиш имконига эга бўлади.
Бу каби таълим дастурлари икки давлат ўртасидаги маданий ва илмий алоқаларни мустаҳкамлаб, иқтидорли ёшларни халқаро майдонга тайёрлашга хизмат қилади.