Хитой туғилишни рағбатлантириш мақсадида ҳар бир бола учун 500 доллар тўлайди

28.07.2025 22:50 | 2 дақиқада ўқилади.

Аҳолиси сўнгги уч йилдан бери камайиб бораётган Хитой ҳукуматининг маълум қилишича, 3 ёшгача бўлган ҳар бир бола учун ота-оналарга йилига 500 доллар тўлаб берилади.

China

Хитой ҳукумати мамлакатдаги демографик таназзулни тўхтатиш мақсадида 3 ёшгача бўлган болалар учун субсидиялар жорий қилди. Давлат оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, бу ёрдам тўғридан-тўғри нақд пул кўринишида ота-оналарга тарқатилади.

Янги тартибга кўра, ҳар бир болага йилига 500 доллардан тўлаб берилади. Бу қарор мамлакат Вазирлар Маҳкамаси ва Хитой Коммунистик партияси томонидан қабул қилинди.

Хитой аҳолиси кетма-кет уч йил мобайнида камаймоқда. 2023 йилда туғилишлар сони 9,54 миллионни ташкил этди, бу 2016 йилдаги кўрсаткичнинг ярмига тенг. Демография бўйича БМТ моделларига кўра, Хитой аҳолиси 2100 йилга келиб 800 миллионгача тушиши мумкин.

Бир вақтлар дунёда аҳолиси энг кўп бўлган давлат сифатида танилган Хитой, 2023 йили ушбу мавқени Ҳиндистонга бой берди. Бироқ мутахассислар бу каби моддий ёрдамлар туғилиш даражасига сезиларли таъсир кўрсатмаслигини таъкидламоқда. Мамлакатда 60 ёшдан ошган аҳоли сони 2024 йилда 310 миллионга етганди.