Европа комиссияси раиси Урсула Фон дер Ляйеннинг айтишича, келишув Европа Иттифоқи учун энг муҳим энергия хавфсизлиги қадамларидан бири бўлади. Эътиборли жиҳати — 2027 йилгача Евроиттифоқ Россиядан нефт ва газ импорт қилмасликка интилади. Бунинг ўрнини босиш учун АҚШдан 750 млрд долларлик суюлтирилган табиий газ ва нефт харид қилинади.
Шартнома нафақат энергетика, балки автомобилсозлик, ярим ўтказгичлар ва фармацевтика соҳаларини ҳам қамраб олади. Европа маҳсулотлари учун АҚШдаги тарифлар 30 фоиздан 15 фоизга туширилади. Айрим йўналишларда, хусусан, самолётлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари учун нол тариф жорий этилади. Аммо алкогол маҳсулотларига оид тарифлар ҳали келишилмаган.
Трамп ушбу шартномани «тарихдаги энг йирик савдо келишуви» деб атади. Унга кўра, Евроиттифоқ АҚШ иқтисодиётига 600 млрд доллар инвестиция киритади ва катта миқдорда ҳарбий техника харид қилади. У Европа мамлакатларини АҚШ машиналари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига тўсиқлар қўйганликда айблаб, «энди ҳаммаси одилона ва ўзаро манфаатли бўлади», дея баёнот берди.
Келишув 1 август, жума кунидан кучга киради. АҚШ ва Европа ўртасидаги музокаралар бу баҳордан бери давом этаётган эди. Ушбу қадам глобал савдо тизимида янги босқични бошлаб бериши мумкин.