2026 йилда Австралияда бўлиб ўтадиган аёллар ўртасидаги Осиё Кубогининг қуръа ташлаш маросими Сидней шаҳрида ўтказилди. Унга кўра, мусобақада иштирок этувчи 12 та жамоа учта гуруҳга бўлинди.
Ўзбекистон аёллар терма жамоаси 23 йиллик танаффусдан сўнг мусобақа финалига йўл олди ва кучли рақиблар — КХДР, Хитой ҳамда Бангладеш билан «B» гуруҳидан жой олди. Амалдаги чемпион Хитой ва КХДР жамоаси билан бир гуруҳда иштирок этиш Ўзбекистон учун жиддий синов бўлади.
Қуръа натижаларига кўра, гуруҳлар қуйидагича шаклланди:
«А» гуруҳи: Австралия, Жанубий Корея, Эрон, Филиппин;
«B» гуруҳи: КХДР, Хитой, Ўзбекистон, Бангладеш;
«С» гуруҳи: Япония, Ветнам, Ҳиндистон, Хитой Тайпей.
Мусобақанинг финал босқичи 2026 йил 1–21 март кунлари Австралияда бўлиб ўтади.