28 июл куни Президент Шавкат Мирзиёевга Андижон вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янги инвестицион ташаббуслар тақдимот қилинди. Унда келгуси истиқболда йирик лойиҳалар асосида ҳудудни ривожлантириш бўйича муҳим режалар маълум қилинди.
Жумладан, 2025 йилда 40 млн доллар сармоя эвазига Германия, Туркия ва Япониядан олиб келинадиган роботлаштирилган тиббий технологиялар асосида замонавий клиника барпо этилиши кўзда тутилмоқда. Бу марказ соғлиқни сақлаш соҳасидаги инновацияларни минтақада татбиқ қилиш имконини беради.
Шунингдек, Италиядaн 20 млн евро жалб этилган ҳолда агрокластер ва Германиядан 25 млн евро жалб қилинган ҳолда агрологистика маркази қурилиши белгиланган. Ушбу лойиҳалар Андижон қишлоқ хўжалиги салоҳиятини тубдан оширишни мақсад қилган.
Тақдимотда умумий қиймати 1,1 млрд долларни ташкил этувчи янги лойиҳалар шакллантирилгани маълум қилинди. Ушбу лойиҳалар 22 мингта янги иш ўрни ва 200 млн долларлик қўшимча экспорт имкониятларини очади.
Президент ҳар бир туман ва шаҳарни алоҳида ёндашув асосида ривожлантириш, ишсизликни қисқартириш ва камбағалликни камайтириш учун инвестициялар кам жалб қилинган ҳудудларга устувор аҳамият бериш лозимлигини таъкидлади.