29 июл куни тарқалган видеоларда Раиш қишлоғидан оқиб ўтувчи каналда нефт моддаси ҳаракатланаётгани акс этган. Расмий маълумотларга кўра, корхонада нефт қайта ишлаш жараёнида техноген ҳолат юзага келиб, каналга нефт оқиб тушган. Экологик назорат органлари дарҳол вазиятга дахлдор бўлган шахслар ва объектни текширишни бошлаган.
Андижон вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳолат тўлиқ бартараф этилганини билдирди. Шунингдек, табиатга етказилган зарар миқдори ва таъсир чоралари бўйича қўшимча маълумотлар текширув якунлангач эълон қилиниши айтилди.
Авария оқибатларини баҳолаш ва табиий муҳитни тиклаш мақсадида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Корхона фаолияти қонун талаблари асосида текширувдан ўтказилади.
Маълумот учун, 26 июл куни шу тумандаги Жанубий Фарғона канали ҳам тикув-трикотаж фабрикаси фойдаланилган суви оқиб келгани сабабли кўпикка тўлиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.