2025 йил 28 июл куни Андижон вилояти Асака туманидаги Неъматобод маҳалласида жойлашган уйда ёнғин юзага келган.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, соат 18:21 да ёнғин ҳақида хабар келиб тушган. Қутқарув гуруҳлари соат 18:26 да ҳодиса жойига етиб бориб, ёнғинни 18:54 да тўлиқ бартараф этган. Ҳодиса натижасида уйнинг 70 метр квадрат том қисми ёнғинга учраган.
Андижон вилояти прокуратураси ушбу уйда автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил қилинганини тасдиқлади. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин эҳтиётсизлик туфайли келиб чиққан ва унинг оқибатида хонадон эгаси ҳалок бўлган.
Ҳозирда ёнғиннинг аниқ сабаблари ва етказилган моддий зарар миқдори ўрганилмоқда. Прокуратура томонидан мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а» банди бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.