Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 июлдаги 440-сонли қарори билан болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини аниқлаш, хавф даражасини баҳолаш ва ҳимоя қилиш режасини амалга ошириш тартибини белгилайдиган низом тасдиқланди.
Низомга кўра, зўравонликдан жабрланган ёхуд ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болалар бевосита ўзлари ёхуд қонуний вакиллари «Инсон» марказлари, ички ишлар органлари ва бошқа масъул органларга мурожаат қилади.
Қайд этилишича, «Инсон» марказлари ички ишлар органлари иштирокида боланинг ҳаётий вазиятини 1 кун муддатда ўрганади. Бунда «Инсон» маркази боланинг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи омилларни дастлабки баҳолашдан ўтказади ҳамда хавф даражасини «паст» ёки «юқори» деб топиши мумкин.
Хавф даражаси «юқори» деб баҳоланганида, ички ишлар органи қуйидаги чоралардан бирини кўради:
— зўравонлик содир этган шахсни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ҳамда процессуал мажбурлов чораларини қўллаш;
— болага ёхуд унинг қонуний вакилига ҳимоя ордерини бериш;
— болани ота-онасидан (уларнинг биридан) ёхуд уни ўз қарамоғига олган бошқа шахслардан олиб қўйиш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш.
Таҳдид солувчи омиллар бартараф этилгач, «Инсон» маркази боланинг ҳаётий вазиятини 14 календар кун ичида комплекс баҳолашдан ўтказади. Комплекс баҳолаш натижаларига кўра 3 иш куни ичида болани ҳимоя қилиш режаси ишлаб чиқилади.
Болаларга нисбатан зўравонлик содир ёки содир этишга мойил бўлган шахсларга қуйидаги таъсир чоралари қўлланилиши мумкин:
▪️ тузатиш дастуридан ўтиш;
▪️ болаларини олиб қўйиш;
▪️ ота-оналик ҳуқуқини чеклаш ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш.
▪️ наркология муассасаларида мажбурий даволаниш;
▪️ мажбурий тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини тайинлаш.