OpenAI компанияси бош директори Сем Алтман ўз чиқишида ChatGPT билан ёзишмалар шифокор, адвокат ёки терапевт билан мулоқот каби ҳуқуқий ҳимояга эга эмаслигини маълум қилди. У бу фикрларни АҚШдаги машҳур подкастлардан бирида билдирган.
Алтман таъкидлашича, агар фойдаланувчи ChatGPT’да шахсий, молиявий ёки психологик маълумотларни баён этса, кейинчалик суд жараёнида OpenAI ушбу маълумотларни тақдим этишга мажбур қилиниши мумкин. Унинг сўзларига кўра, бу муаммони ҳал этиш учун қонунчилик асосларини ишлаб чиқиш зарур ва сиёсатчилар бу ташаббусни қўллаб-қувватламоқда.
Бу масала юзасидан АҚШ Федерал суди июл ойида муҳим қарор чиқарди: OpenAI компанияси фойдаланувчиларнинг барча чат журналларини, жумладан, ўчирилган ёки вақтинчалик деб белгиланганларини ҳам сақлаб қолиши шарт. Ушбу қарор The New York Times газетаси томонидан берилган муаллифлик ҳуқуқи бўйича даъво доирасида қабул қилинган.
OpenAI аввал фойдаланувчи чатлари 30 кун ичида автоматик равишда ўчириб ташланишини ва моделни ўқитишда фойдаланилмаслигини ваъда қилган эди. Аммо янги суд қарори бу амалиётни бекор қилган ҳолда, уларни потенциал далил сифатида сақлашни мажбурий этиб белгилади.
Ҳуқуқшунослар буни суд амалиётидаги одатий ҳолат деб баҳоламоқда. Бироқ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар бу рақамли платформаларга нисбатан ишончни заифлаштириши ва махфийлик сиёсати фойдаланувчиларни судда ҳимоя қила олмаслигини кўрсатмоқда, дея хавотир билдиришмоқда.
Сем Алтман, шунингдек, сунъий интеллектнинг кенг тарқалиши глобал кузатув даражасини оширишини ҳам таъкидлади. У давлатлар жамоат хавфсизлиги баҳонасида шахсий маълумотлар устидан назоратни кучайтириши мумкинлигидан огоҳлантирди.