«In-vitro» шароитида кўпайтирилган кўчатлар учун субсидия берилади

17:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Ҳукуматнинг янги қарорига кўра, тадбиркорлар «in-vitro» усулида кўпайтирилган пайвандтагли мева ва ток кўчатларини харид қилишда сарфлаган маблағларининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади. Бу тартиб 2025 йил 28 июлдаги 468-сонли қарор билан тасдиқланган махсус низом орқали амалга оширилади.

Ko'chatlar

Мазкур низомга мувофиқ, талабгорлар мувофиқлик сертификатига эга бўлган соғлом ва вируслардан холи кўчатлар учун субсидия олиш ҳуқуқига эга. Яъни, янги интенсив боғлар барпо қилган ёки сув тармоқлари ёқаларида кўчат экиб, зарур ҳужжатларни тақдим этган тадбиркорларга ҳар бир мева кўчати учун 25 минг сўмгача, янги навли данаксиз узум кўчатлари учун 7,5 минг сўмгача, маҳаллий ток кўчатлари учун эса 2 минг сўмгача субсидия ажратилади.

Бундай ёрдамни олиш учун «Agrosubsidiya» ахборот тизими орқали мурожаат қилинади. Аризага мувофиқлик сертификати, олди-сотди шартномаси, ҳисоб-фактура, тавсиянома ва уч йиллик кафолат хати илова қилинади.

Мурожаат келиб тушгандан сўнг, ишчи гуруҳ уч иш куни мобайнида жойига чиққан ҳолда ҳужжатларни ўрганади ва субсидия бериш ёки рад этиш бўйича хулоса чиқаради.

Бу тартиб тадбиркорларга замонавий боғдорчиликни ривожлантириш ва ҳосилдорликни оширишда амалий кўмак сифатида хизмат қилади.