Ипотека секинлашди, лекин банклар қарз беришда давом этяпти

12:15 | 4 дақиқада ўқилади.

Июн ойида Ўзбекистон банк секторида кредит қўйилмалари 7,6 трлн сўмга ўсди. Аммо ипотека кредитларининг ўсиш суръати уч ойдан бери секинлашган. Шунга қарамай, банклар муаммоли кредитларни кескин қисқартиришга эришмоқда.

Markaziy bank3

Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йил июн ойида банк тизимида умумий кредит қолдиғи 575,2 трлн сўмга етди. Бу бир ойдаги 7,6 трлн сўмлик ўсишни англатади. Шу жумладан, корпоратив кредитлар 4,4 трлн сўмга, чакана кредитлар эса 3,2 трлн сўмга кўпайган.

Чакана кредитлар таркибида энг йирик улуш микроқарзларга тўғри келмоқда (+2,7 трлн сўм). Ипотека кредитлари эса учинчи ойдирки секинлашмоқда — бу ойда атиги 756 млрд сўмлик ўсиш қайд этилган. Марказий банк автокредитларни алоҳида ҳисобга олишни бошлагани натижасида, асосан автокредитлардан иборат бўлган истеъмол кредитлари қолдиғи 1,1 трлн сўмга камайди.

Бошқа тоифадаги чакана кредитлар, эҳтимолки кредит карталари, 166 млрд сўмга кўпайди. Ой давомида энг катта кредит қўйилмаси ўсиши Агробанкда (+3,1 трлн сўм), Капиталбанк (+1,1 трлн сўм) ва Миллий банкда (+768 млрд сўм) кузатилди.

Банклар, йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, анъанавий равишда муаммоли кредитларни кескин камайтиришган. Муаммоли кредитлар 1,7 трлн сўмга қисқариб, 21,9 трлн сўмни ташкил қилган. Бу уларнинг умумий кредитлардагги улушини 3,8 фоизгача туширди. Бу жараёнда Ипотекабанк (–1,0 трлн сўм), Миллий банк (–877 млрд сўм) ва БРБ (–419 млрд сўм) фаол иштирок этган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, муаммоли кредитларнинг камайиши фақат қарзларни амалий ундириш ҳисобидан эмас — улар реструктуризация қилиш, гаров мулкини банк балансига олиш ёки ҳисобдан чиқариш орқали камайтирилмоқда. Шунингдек, у Марказий банкдан ҳисоботларда тўлиқ манзарани таъминлаш учун балансдан ташқари қарзлар, қайтарилмаган фоизлар ва реструктуризация қилинган кредитлар тўғрисида алоҳида маълумот бериб борса бўларди, деган.