Аввалроқ, «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясининг Истанбулдан Тошкентга учаётган Boeing 767-300 самолёти номаълум сабабга кўра Туркия осмонида чарх уриб, яна Истанбул аэропортига қайтиб қўнгани ҳақида хабар берган эдик. Авиакомпания матбуот хизмати самолётнинг ортга қайтиш сабабларини очиқлади.
Қайд этилишича, HY272 рейсини бажараётган UK67003 борт рақамли ҳаво кемаси Истанбулдан ҳавога кўтарилганидан сўнг, учишдан 1 соат ўтиб, 350-эшелон баландлигида салон ва кабинадаги босимнинг беқарорлиги ҳақида сигнализация тизими ишга тушган.
Парвоз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, ҳаво кемаси командири самолётни жўнаш аэропортига қайтариш тўғрисида қарор қабул қилган. Маҳаллий вақт билан 15:50 да самолёт Истанбул аэропортига муваффақиятли қўнган.
«Авиакомпаниянинг техник хизматлари ҳаво кемасини Тошкентдаги базага қайтариш бўйича зарур чораларни кўрмоқда. Ушбу рейс йўловчилари захира ҳаво кемаси орқали Тошкентга етказилади ва кутиш даврида меҳмонхонага жойлаштирилади», — дейилади хабарда.
HY272 рейси йўловчилари учун зaxира рейс — HY8272 ташкил этилган. Бу рейс 29 июл куни соат 07:30 да Истанбулдан учиб, соат 13:35 да Тошкентга қўнишни режалаштирган.