Наманган вилоятида Давлат хавфсизлик хизмати ва ИЖҚК департаменти томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг бош мутахассиси пора билан ушланди. У суд тизимидаги танишлари орқали жорий йилнинг январ ойида 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган маҳкумнинг ишини судда қайта кўриб чиқиш ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони тайинлаш эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Мутасадди аввалдан 10 минг доллар олган вақтда ушланган. Маълум бўлишича, у фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар учун аввал ҳам бир неча бор судланган.
Наманганда ўтказилган яна бир тадбирда, хусусий баҳоловчи ташкилот раҳбари 783 млн сўмлик солиқ қарздорлигини 141 млн сўмга тушириш эвазига 4400 доллар пора олган пайтда ушланган. Шунингдек, ушбу схемада иштирок этган вилоят солиқ бошқармаси шуъба бошлиғи ҳам айнан шу миқдорда пора олган вақтда қўлга тушган.
Пойтахтда эса Миробод туман ҳокимлигига қарашли Ижтимоий мослаштириш маркази раҳбари 1200 доллар эвазига фуқаролиги бўлмаган шахсга паспорт расмийлаштириш ва доимий рўйхатга қўйишга ваъда бериб, пора олган пайтда ушланган.
Қашқадарёда эса Мажбурий ижро бюроси Қарши шаҳар бўлими давлат ижрочиси 70 млн сўмлик қарздорлик бўйича автотранспортга қўйилган тақиқни ечиб бериш учун 1000 доллар талаб қилган. У бу маблағни фермер хўжалиги раҳбари орқали олган вақтида ушланган. Барча ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.