Ўшда Қирғиз-ўзбек университетининг 3000 дан ортиқ талабаси ўқишдан четлатилди

13:45 | 4 дақиқада ўқилади.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида таълимдаги коррупцияга қарши кураш доирасида Қирғиз-ўзбек халқаро университетининг 3167 нафар талабаси ўқишдан четлатилди.

O'shdagi universitet

2024 йил охири ва 2025 йил бошларида таълим соҳасидаги коррупцияни камайтириш мақсадида мамлакатнинг бир нечта олийгоҳларида профилактик тадбирлар ўтказилди. Ушбу чора-тадбирлар доирасида фақат Ўш шаҳрида 13 295 нафар талабанинг ўқишдан четлатилгани маълум қилинди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига таяниб 24.kg хабар берди.

Қирғиз-ўзбек халқаро университетида ўқишдан ҳайдалганлар сони 3167 нафарни ташкил этди. Ушбу олийгоҳ Ботирали Сиддиқов номига аталган бўлиб, 1994 йилда олий технология коллежи сифатида ташкил этилган, 1997 йилда эса университет мақомини олган.

Қолган тўрт олий таълим муассасасида ҳам йирик сондаги талабалар ўқишдан чиқарилди:
– Ўш давлат университетида — 3573 нафар,
– Ўш технология университетида — 2754 нафар,
– Ўш давлат педагогика университетида — 3629 нафар,
– Қирғиз миллий университети филиалида — 172 нафар.

Четлатишлар асосан дарсларга қатнашмаган, академик қарздорлиги бор ёки ўқишда ноқонуний тартибда қатнашган талабаларни қамраб олган.

Бундан ташқари, Қирғиз-ўзбек халқаро университетида таълим жараёнидаги коррупция ҳолатлари бўйича текширувлар олиб борилмоқда. Ушбу университетнинг гуманитар-педагогика факултети декани ўтган йили давлат имтиҳонлари пайтида мунтазам равишда пора олгани учун қўлга олинган эди.

Айни пайтда, Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси мазкур ҳолатларда олийгоҳлар раҳбарияти ва масъул шахсларнинг жавобгарлигини ўрганмоқда.

Аввалроқ, Ишенали Арабаев номидаги Қирғиз давлат университетида расман қабул қилинган айрим хорижий талабалар аслида мамлакат ҳудудига умуман келмагани ва текширув натижасида 59 нафар хорижлик, шунингдек, улардан 30 нафари ўзбекистонлик талабалар университетдан расман четлатилгани ҳақида хабар берган эдик.

Тэглар: Қирғизистон, Ўш, Қирғиз-ўзбек университети, таълим, коррупция, четлатилган талабалар