Ўзбекистон 1,68 млрд долларлик активларини Лондон биржасига чиқариши мумкин

15:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Миллий инвестиция жамғармаси 1,68 млрд долларлик активларни Лондон ва Тошкент биржаларида дуал листинг орқали жойлаштиришни режалаштирмоқда. Ушбу ҳаракат мамлакат хусусийлаштириш жараёнини фаоллаштириш ҳамда халқаро сармояни жалб қилишга қаратилган.

Ukk

Bloomberg агентлигининг ёзишича, Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси ўз таркибидаги 1,68 млрд долларлик активларни халқаро биржаларга чиқариш бўйича таклифлар қабул қилмоқда.

Жамғарма бой инвесторларни жалб этиш мақсадида Яқин Шарқ давлатлари билан музокаралар олиб боряпти. Ҳозирда жамғарма ва Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) орасида қайси компания аввал листингга чиқарилиши масаласи муҳокама қилинмоқда. Ҳали якуний қарор қабул қилинмаган.

Bloomberg’га кўра, Лондон биржаси 2025 йилнинг биринчи ярмида фақат 200 млн фунтлик IPO ўтказа олган — бу сўнгги 30 йилдаги энг паст кўрсаткич. Шу боис, Ўзбекистон активларининг дуал листинги Лондон учун ҳам муҳим имконият ҳисобланади.

Миллий инвестиция жамғармаси таркибига «Халқ банки», «Микрокредитбанк» ва «Бизнесни ривожлантириш банки» каби молиявий муассасалар кирган. Шунингдек, «Асакабанк», «Алоқабанк» ва «Саноатқурилишбанк» бўйича ҳам харидорлар қидирилмоқда.

2023 йилда хусусийлаштирилган сўнгги банк «Пойтахтбанк» бўлган — 10 млн долларга сотилган. Аммо мамлакатда хусусийлаштириш жараёнлари ҳали ҳам секин суръатда кетмоқда.

Лондон биржаси билан ҳамкорлик Ўзбекистонга ташқи сармояни жалб этиш, бозор рейтингини ошириш ва иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш имконини бериши мумкин.