Ўзбекистонда ҚҚС қайтаришдаги хатолар учун 32 нафар солиқчи жиноий жавобгарликка тортилди

12:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Тошкентда ўтказилган очиқ мулоқотда Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ҚҚСни қайтариш жараёнида юзага келаётган муаммолар ва кечикишлар ҳақида изоҳ берди. Унга кўра, ҚҚСни нотўғри ёки шошма-шошарик билан қайтариш солиқчилар учун жиноий жавобгарликка сабаб бўлмоқда.

Sherzod qudbiyev

Кудбиевнинг маълум қилишича, ҳозиргача 32 нафар солиқ органи ходими ҚҚСни қайтаришдаги қонунбузарликлар, хусусан, порахўрлик ва расмий хатолар учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Ушбу мулоқот чоғида логистика компанияси вакили февралдан бери 750 млн сўм ҚҚС суммасини қайтариш имкони бўлмаётганини билдирди. Унга кўра, камчиликлар бартараф этилганига қарамай, солиқ идораси ҳали ҳам жавоб қайтармаган.

Кудбиев бу жараённи ортиқча бюрократия билан қиёслаб, шундай дейди: «Инспектор муздек сув шишасини олиб, унинг совуқ эканини тасдиқловчи расмий маълумот талаб қилади». У солиқчиларга мурожаат қилиб, муаммонинг сабабини аниқлашни, ўринсиз талаблар ёки порахўрлик ҳолатларига чек қўйишни топширди.

ҚҚС автоматик қайтарилишини таъминлаш учун Кудбиев тадбиркорларни ўз компания рейтингини энг юқори «ААА» даражага олиб чиқишга чақирди. Бу ҳолда солиқ текшируви учун ҳатто фармойиш ҳам чиқариб бўлмайди.

Эслатиб ўтамиз, май ойи охирида Давлат хавфсизлик хизмати ҚҚС қайтариш тизими орқали 82 млрд сўм маблағни сохта рейтинглар ёрдамида талон-тарож қилиш ҳолатини фош этган эди.