Ўзбеклар Кореядаги бешинчи катта миллатга айланди

23:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Жанубий Кореяда яшовчи ўзбекистонликлар сони 98,4 минг кишидан ошиб, мамлакатдаги энг йирик бешинчи диаспорага айланди. Бу ҳақда The Korea Times нашри маълум қилди.

Korea

2025 йил июн ҳолатига кўра, Жанубий Кореяда 98,4 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқароси истиқомат қилмоқда. Бу кўрсаткич ўзбекистонликларни мамлакатда яшовчи бешинчи энг йирик миллатлар гуруҳига киритди.

The Korea Times маълумотларига қараганда, Кореяда энг катта хорижий диаспорани Хитой фуқаролари ташкил қилади — 972,1 минг киши. Иккинчи ўринда Ветнам (341,1 минг), учинчида АҚШ (196,6 минг), тўртинчида эса Таиланд (173,7 минг) фуқаролари турибди.

Жанубий Кореядаги хорижликларнинг асосий қисми Сеул ва унинг атрофида ҳамда мамлакатнинг жанубий ҳудудларида яшайди.

Муҳожирларнинг 20 фоизи этник корейсларга бериладиган F-4 визаси орқали, 12 фоизи эса E-9 турдаги меҳнат визаси асосида Кореяда яшаш ҳуқуқига эга. Шунингдек, улар орасида доимий яшаш ҳуқуқини берувчи F-5 визаси, талабалар учун мўлжалланган D-2 визаси ва сайёҳларга бериладиган B-2 визаси эгалари ҳам мавжуд.

Жами хорижликлар сони Кореяда 2,7 миллион кишини ташкил қилмоқда. Улардан ҳар учинчи киши Хитой фуқароси ҳисобланади.