Бу ҳақда губернатор Александр Беглов томонидан имзоланган расмий қарорга таянган ҳолда Meduza хабар берди.
Қарор 2025 йил 7 августдан кучга киради. Унга кўра, айни пайтда чет эллик ҳайдовчиларни ишга жалб қилган компанияларга 3 ойлик ўтиш даври берилди. Бу муддат мобайнида улар мавжуд меҳнат шартномаларини якунлаб, янги — маҳаллий ишчиларни ёллашлари талаб этилади.
Маъмурият бундай чеклов такси хизматларининг сифати ва хавфсизлигини ошириш, шу билан бирга, россияликларни иш билан таъминлаш мақсадида жорий этилганини маълум қилди. Тақиқ 2025 йил охиригача амал қилиб, унинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари баҳоланади. 2026 йилдан кейин бу каби чораларни давом эттириш масаласи алоҳида муҳокама қилинади.
Санкт-Петербургда бу чекловлар бир неча ойдан бери муҳокама қилинган. Июл ойидан бошлаб курерлик фаолиятида ҳам чет эл фуқароларига нисбатан тақиқ қўллаш режалаштирилгани ҳақида аввал хабар қилинган эди.
Маълумот учун, Россиянинг бошқа ҳудудлари ҳам сўнгги йилларда мигрантларнинг баъзи соҳаларда ишлашини чеклаш билан шуғулланмоқда. Хусусан, Татаристон, Камчатка ва Омск областларида хорижликларнинг такси соҳасида ишлашлари тақиқланган.