«Кўприкқурилиш» АЖ лойиҳа раҳбари Бобур Элмуродовнинг «Ўзбекистон Бунёдкори» газетасига маълум қилишича, 1967 йилда қурилган, 2008 йилда таъмирланган эски кўприк яқинида янги эстакада қурилган. Тарихда биринчи марта 360 градусга буриладиган хавфсизлик панжаралари қўлланилди.
Йўлўтказгич 693,5 метр узунлик ва 62 метр кенгликка эга. У тўрт тасмадан иборат бўлиб, соатига 5 мингта, кунига эса 132 мингта автомобилга хизмат кўрсата олади. Йўловчилар учун 15 метрли пиёда йўлаклари ва 13 метрли велосипед йўлкалари ҳам қурилган.
Янги кўприкда узунлиги 42 метр бўлган арқонлардан фойдаланилган. Монолит тарзда қўшимча 4 та тушиш ва 2 та «беда япроғи» шаклидаги айланма йўл қурилди. Энг муҳими, конструкция сифат ва мустаҳкамлик жиҳатдан юқори даражада бўлиб, узоқ муддат хизмат қилиши кутилмоқда.
Лойиҳа доирасида илк бор рақамли технологиялардан ҳам фойдаланилди. Бутун иншоот техник ҳолатини кузатиб бориш учун марказлашган рақамли мониторинг ва назорат тизими жорий этилди. Бу тизим доимий равишда техник таҳлил ва хавфсизлик кузатувини таъминлайди.