2025 йил май ойидан бошлаб Тошкентда пулли автотураргоҳлар ташкил этаётган «Poytaxt Parking» компанияси эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган фуқароларни расман ишга жойлаштиришни бошлади. Тажриба лойиҳаси доирасида дастлаб тўрт нафар шахс автотураргоҳ назоратчиси вазифасига қабул қилинди.
Компания жамоада мулоқотни енгиллаштириш учун сурдотаржимонни ёллади. Шунингдек, ҳар бир ходимга махсус тайёрлов курслари ўтказилди: уларга йўл ҳаракати қоидалари, хизмат кўрсатиш стандартлари ва мобил илова билан ишлаш ўргатилди. Тренинглар тўлиқ сурдотаржимон кўмагида амалга оширилди.
Эшитиш ва сўзлашда нуқсони бор ходимлар йўналишларда ёрдамчи вазифаларни бажаради: ҳайдовчиларга машинани тўғри жойлаш, қоидаларга амал қилиш ва тўхташ жойларини назорат қилишда ёрдам беради. Улар махсус пиктограммали карталар, имо-ишоралар ва QR-кодли кўрсатмалардан фойдаланади.
Компания вакилларининг сўзларига кўра, дастлабки босқичда ишончсизлик ва ишга жойлашишга бўлган шубҳалар кузатилган. Айрим фуқаролар ҳали ҳам норасмий равишда автотураргоҳларда ишлашда давом этмоқда. Бу ҳолат хусусан пулли тўхташ ҳали жорий этилмаган ҳудудларда кўпроқ учраётгани айтилмоқда.
Лойиҳа ҳозирча синов тарзида амалга оширилмоқда. Агар дастлабки иштирокчилар натижалари ижобий бўлса, «Poytaxt Parking» бундай ишга жалб қилиш амалиётини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Компания фикрича, инклюзив бандлик ҳам норасмий иш билан бандликни камайтиради, ҳам шаҳар муҳитини тартибга солишга ҳисса қўшади.
Аввалроқ, Тошкентда «Poytaxt Parking» компанияси пулли автотураргоҳлар учун илова ишга туширилиши ҳақтда ёзган эдик.