Трамп Эрондан «ёқимсиз сигналлар» келмоқда деб ҳисоблаётганини ва форсларнинг ядровий фаолиятни қайта бошлашга уринишлари кескин тўхтатилишини айтди. «Биз уларнинг ядровий салоҳиятини йўқ қилдик. Агар ишни бошдан бошлашса, уларни ер юзидан йўқ қилиб ташлаймиз. Буни кўз очиб юмгунча амалга оширамиз», — деди у журналистлар билан суҳбатда.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий 29 июль куни ўз баёнотида АҚШ ва Исроил ўртасидаги қўшма июнь ҳужумида мамлакатнинг уран бойитиш инфратузилмасига оғир зарба берилганини маълум қилди. Учта асосий объект ишдан чиқарилган, асосий физик олимлар ҳалок бўлган. Ароқчий ҳам бунақа ҳужум яна такрорланса, Эрон дарҳол жавоб беришини таъкидлаган.
The Washington Post нашри таҳлилчиси Дэвид Игнатиуснинг маълум қилишича, Эронга ядровий қурол тайёрлаш учун энди камида 1–2 йил вақт керак бўлади — агар бу ҳаракатлар махфий сақланса. Аммо АҚШ ва Исроилнинг биргаликдаги ҳужумлари мамлакатнинг инсон капиталига ҳам оғир зарба берган: биринчи, иккинчи ва ҳатто учинчи даражали олимлар ўлдирилган.
Исроил томони бу зарбалар ёш эронлик мутахассисларни ҳам ядровий дастурда иштирок этишдан қайтаришига умид қилмоқда. Шунингдек, ҳужумлар вақтида Исроилга қарши ишлаб чиқилаётган электромагнит қурол лойиҳаси ҳам йўқ қилингани таъкидланган.