«Трампга раҳмат», «Уйқучи Байден йўлидан юрманг», «Россия Исроил ҳам, Эрон ҳам эмас»: Украина ва Россия Трампнинг янги ўт очишни тўхтатиш муддатига муносабат билдирди

21:20 | 6 дақиқада ўқилади.

Аввалроқ, АҚШ президенти Доналд Трамп Москвага «ўн-ўн икки кун» муҳлат берилишини айтган эди.

Trump

Душанба куни АҚШ президенти Доналд Трамп Россия президенти Владимир Путинга босимни кучайтириш мақсадида Москва томонидан Украинага қарши бошланган кенг кўламли урушни тугатиш учун муҳокамаларга ажратилган 50 кунлик муддатни кескин қисқартиришини маълум қилди.

«Мен президент Путиндан ранжидим, жуда ҳам хафаман», — деди Трамп Буюк Британияга ташрифи чоғида журналистларга. — «Шунинг учун биз буни қайта кўриб чиқамиз. Аввалги 50 кун ўрнига анча камроқ муддат белгилайман. Чунки, менимча, натижа қандай бўлишини аллақачон билиб турибман. Янги муддатни белгилаяпман — бугундан бошлаб 10 ёки 12 кун. Кутишга ҳеч қандай зарурат йўқ».

Сўнгги ойлар давомида Оқ уйда Россия раҳбари Владимир Путинга нисбатан норозилик ортиб бормоқда. Чунки у бир неча марта ўт очишни тўхтатиш бўйича таклифлардан юз ўгириб келаётгани баробарида, Украина шаҳарларига узоқ масофали зарбалар ва фронтдаги ҳужумларини янада кучайтирмоқда.

Украина раҳбарлари Доналд Трампнинг бу баёнотини қўллаб-қувватлади ва уни муҳим сиёсий белги сифатида баҳолади.

«Президент Трампнинг аниқ позицияси ва қатъий иродаси айни вақтида билдирилди. Чунки ҳозир куч орқали ҳақиқий тинчликка эришиш имкони бор», — деб ёзди Зеленский X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

У сўзини давом эттириб шундай деди: «Президент Трампга инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш ва бу даҳшатли урушни тўхтатишга қаратаётган эътибори учун миннатдорлик билдираман. Украина тинчликка содиқ қолади ва Америка Қўшма Штатлари билан биргаликда мамлакатларимизни хавфсиз, кучли ва фаровон қилиш учун тинмай ҳаракат қилади».

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак Telegram’даги баёнотида Доналд Трампга самимий миннатдорлик билдирди.

«Путин фақат кучни англайди ва бу унга очиқ, қатъий ва баланд овозда етказилди», — деди Ермак Трампнинг сўзларига ишора қилиб.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков сешанба куни журналистларга Кремл «президент Трампнинг кечаги баёнотига эътибор қаратди», дея маълум қилди. Бироқ у Трампнинг сўзларига «баҳо беришдан тийилишни афзал кўриши»ни айтди.

Россиянинг собиқ президенти ва бош вазири, ҳозирда Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари лавозимида фаолият юритаётган Дмитрий Медведев эса масалага қатъий ва танқидий муносабат билдирди.

«Трамп Россия билан ултиматум ўйини ўйнаяпти: 50 кунми ё 10 кун?» — деб ёзди у X тармоғида. — «У икки нарсани унутмаслиги керак: 1. Россия — Исроил ҳам эмас, Эрон ҳам эмас. 2. Ҳар бир янги ултиматум — таҳдид ва уруш сари ташланган навбатдаги қадам. Фақат Россия ва Украина ўртасида эмас, балки Америка Қўшма Штатларининг ўзи учун ҳам. Уйқучи Жо йўлидан юрманг!».