Ҳисобот даврида компаниянинг чипта ва бошқа хизматлардан тушган тушуми 8,71 трлн сўмни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 14,6 фоиз кўп. Шунга қарамай, уларнинг ишлаб чиқариш харажатлари фақат 11,4 фоизга ўсиб, 7,64 трлн сўмни ташкил қилди. Натижада умумий фойда 1,07 трлн сўмдан ошди.
Операцион харажатлар ҳам сезиларли даражада ортган — ярим йилда улар 504,99 млрд сўмга етди. Административ харажатлар 60 фоизга кўтарилиб, 92,23 млрд сўмни ташкил қилди. Шу билан бирга, компания 188,6 млрд сўмлик қўшимча даромад қайд этиб, асосий фаолиятдан фойдани 754,52 млрд сўмга етказди.
Молиявий фаолиятдан олинган даромадлар 479,1 млрд сўмни ташкил этди. Валюта курслари фарқидан компания 424,85 млрд сўм фойда кўрди. Бироқ, валюта ўзгарувчанлиги ортидан келган зарарлар ҳам 40 фоизга ўсиб, 549,37 млрд сўмга етган. Шу боис, умумий молиявий харажатлар 771,6 млрд сўмни ташкил этди.
Компания 72,1 млрд сўм миқдорида фойда солиғини тўлаган. Активлар 16,3 фоизга ўсиб, 20,86 трлн сўмга етди. Бу асосан етказиб берувчиларга тўланган авансларнинг икки баробар ошиши ҳисобига юз берди. Шу билан бирга, қарз мажбуриятлари 2,28 трлн сўмга етди.