Давлат раҳбари Тошкентдаги «Чорсу» бозорида амалга оширилган рақамлаштириш тажрибасини мисол қилиб келтирди. Бу ерда солиқ тушумлари икки баробарга ошгани қайд этилди. Ушбу натижаларга таянган ҳолда, Президент 500 та бозор, йирик савдо марказлари ва пуллик хизмат кўрсатувчи давлат муассасаларида рақамли ечимларни татбиқ этишни топширди.
Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевга кўра, барча соҳалар прокуратуранинг ахборот тизимига тўлиқ интеграция қилинади. Бу орқали қонун ижроси устидан назоратни янада кучайтириш кўзда тутилмоқда.
Йўлдошев ер ресурсларидаги коррупцияни камайтириш бўйича амалга оширилаётган чоралар ҳақида ҳам ахборот берди. Унинг сўзларига кўра, Кадастр агентлиги «Ўзбеккосмос» мониторинг маълумотларидан фойдаланиб, охирги икки йилда ердаги қонунийликни 3,5 бараварга оширган. Қарийб 63 минг гектар ноқонуний фойдаланилган ернинг 51 минг гектари давлат захирасига қайтарилган.
Бош прокурор қолган тўртта ваколатли орган ҳам ушбу маълумотлардан самарали фойдаланиши кераклигини таъкидлади. Бу эса озиқ-овқат хавфсизлиги ва ердан оқилона фойдаланишни таъминлаш имконини беради.