Ботир Зокиров номидаги давлат стипендияси ва музей таъсис этилади

30.07.2025 12:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров хотирасини абадийлаштириш, унинг бетакрор ижодий меросини ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб қилиш мақсадида Президент қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, Ботир Зокиров номидаги давлат стипендияси таъсис этилади.

Botir zokirov

2025 йил 28 июл куни қабул қилинган Президент қарори (ПҚ–230-сон) асосида Тошкент шаҳрида Ботир Зокиров номидаги мемориал музей ташкил этилади. Музей фаолияти орқали Зокировнинг ҳаёти ва ижодига доир экспонатлар жамланади ва кенг жамоатчиликка намоён этилади.

Шунингдек, 2026 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта эстрада санъати бўйича Ботир Зокиров номида халқаро кўрик-танлов ўтказилиши белгилаб қўйилди. Бу танлов миллий ва жаҳон санъаткорлари ўртасида ижодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Президент қарорига асосан, Ботир Зокиров ҳаёти ва ижодига бағишланган бадиий фильм яратилиши ҳам режалаштирилган. Бу фильм орқали Зокировнинг санъатда тутган ўрни ва миллий маданиятга қўшган ҳиссаси кенг аудиторияга етказилади.

Мазкур қарор Ботир Зокиров номи ва меросини ёш авлодга етказиш, унинг эстрада санъатидаги таъсирини янада кенг миқёсда ёритишга қаратилган муҳим қадамдир.