ChatGPT CAPTCHA тизимини четлаб ўтишни ўрганди — OpenAI хавфлардан огоҳлантирди

30.07.2025 14:00 | 3 дақиқада ўқилади.

ChatGPT сунъий интеллектининг янги версияси ботларни аниқлайдиган CAPTCHA каби тизимларни четлаб ўта олиши мумкин. Бу фойдаланувчи номидан ҳаракат қилиш имкониятини кенгайтирмоқда, бироқ хавфларни ҳам ортишига сабаб бўлмоқда.

Chatgpt

The Independent нашрининг ёзишича, OpenAI томонидан яратилган ChatGPT’нинг сўнгги авлоди ботларни таниш тизимларини, жумладан, Cloudflare CAPTCHA текширувини алдашни ўрганган. Янги имкониятлар орасида интернет орқали харид қилиш, учрашувлар белгилаш ва ресторанда жой банд қилиш каби вазифаларни бажариш мавжуд.

Интернетда ChatGPT’нинг «Мен одамман» белгисини ўзи ўрнатиб, CAPTCHA тизимидан ўтаётгани ва бу жараёнда фойдаланувчини олдиндан огоҳлантириши муҳокама қилинмоқда. OpenAI бу функциялар фақат фойдаланувчи рухсати билан ишга тушишини таъкидламоқда.

Компания сунъий интеллект имкониятлари кенгайгани билан хавфлар ҳам ортиб бораётганини тан олиб, хавфсизлик чоралари кучайтирилганини маълум қилган. Шунга қарамай, экспертлар ChatGPT’нинг фойдаланувчи номи билан ҳаракат қилиши платформалар томонидан бот фаолиятини чеклаш механизмларини заифлаштириши мумкинлигидан хавотирда.

OpenAI асосчиси Сем Олтманнинг таъкидлашича, баъзи фойдаланувчилар ChatGPT’дан психологик, тиббий ва молиявий маслаҳатлар олишда фойдаланмоқда. Унинг сўзларига кўра, бундай шахсий мулоқотлар ҳақиқий мутахассис билан бўлган гаплашувлардек махфий ҳисобланмайди.

«Агар сиз ChatGPT билан шахсий мавзуларда гаплашган бўлсангиз ва кейин суд иши бошланса, бу маълумотларни тақдим этишга мажбур қилинишимиз мумкин, — деган эди Олтман.

Бундан ташқари, суд OpenAI’га фойдаланувчиларнинг барча чат маълумотларини — ҳатто ўчирилган ёки вақтинчалик деб белгиланган бўлса ҳам — сақлаш мажбуриятини юклатган.