Чорвоқ сув омборига «Маргимуш қабристони»дан хавф йўқлиги маълум қилинди

30.07.2025 13:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Сўнгги кунларда «Маргимуш қабристони»дан Чорвоқ сув омборига заҳарли моддалар тушиши мумкинлиги ҳақида тарқалган маълумотлар рад этилди. Тошкент вилояти Экология бошқармаси бу хабарларни асоссиз ва фейк манбаларга асосланган деб баҳо берди.

Chorvoq suv ombori

Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида жойлашган «Маргимуш қабристони» Чорвоқ сув омборига таҳдид солаётгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бу маълумотлар 2022 йилдаги ҳолатга асосланган, ҳозирда эса объект тўлиқ консервация қилинганини маълум қилди.

Маълумотларга кўра, 1938–1946 йилларда «Союзмишяк» комбинати томонидан 0,64 гектар майдонга тахминан 40 минг тонна чиқинди махсус бетон пойдевор устига кўмилиб, ҳаво чиқариш учун қувурлар ўрнатилган. Устига 70–80 см тупроқ ётқизилган. Кейинчалик объект бетон деворлар билан ўраб олинган, кузатув камералари ўрнатилган ва махсус қўриқлаш тадбирлари амалга оширилган.

2023 йилда Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида 3,98 млрд сўмлик шартнома билан консервация ишлари бошланган ва 2024 йилда тўлиқ якунланган. Объект устки қисмига инерт тупроқ ётқизилиб, сув ва намлик ўтказмаслик учун кимёвий моддалар сингдирилган ва ерости тузилмалар мустаҳкамланган.

Ҳар чоракда сув ва тупроқ намуналари олиниб, мониторинг ишлари олиб борилади. Шунга қўшимча равишда, радиацион фон даражаси ҳам махсус асбоблар орқали текширилган ва хавфсиз деб топилган.

Бошқарма ўз баёнотида фуқароларни ижтимоий тармоқлардаги фейк маълумотларга ишонмасликка ва расмий маълумотларга таянишга чақиради. Агар керак бўлса, объектни жойида кўздан кечириш учун ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.