«Дунё» ахборот агентлигининг хабар беришича, Ўзбекистоннинг Шри-Ланкадаги элчиси Алишер Тўхтаев Коломбо шаҳрида ушбу мамлакат савдо, тижорат, озиқ-овқат хавфсизлиги ва кооператив ривожланиш вазири Васанта Самарасингҳе билан учрашди. Томонлар икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатларни жадал ривожлантириш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, янги бозорларга чиқиш ва истиқболли ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича фикр алмашди.
Вазир Самарасингҳе Ўзбекистонни иқтисодий дипломатия соҳасида ишончли ва истиқболли ҳамкор сифатида баҳолаб, икки давлат расмийлари ва бизнес доиралари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш зарурлигини таъкидлаган.
Маълум қилинишича, 2024 йил якунида икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми атиги 6 миллион долларни ташкил этган. Бу эса мавжуд салоҳиятга мос келмаслиги ва кўрсаткични ошириш учун қўшма ҳаракатлар зарурлигини кўрсатади.
Шри-Ланка томони барқарор қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, кооперация ва тажриба алмашув бўйича ўқув дастурларини амалга ошириш ҳамда мутахассислар ташрифини йўлга қўйиш таклифини билдирган.
Бундан ташқари, хорижий томон Ўзбекистон маҳсулотларини дунё бозорига чиқаришда ўз портларидан фойдаланишни таклиф этиб, бу борада барча қулайликларни яратиб беришга тайёрлигини билдирган.
Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаш ва амалий «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш мақсадида мутасадди идоралар ўртасида онлайн учрашув ўтказишга келишиб олинган.