Эронда давлат томонидан амалга оширилган қатллар сони икки бараварга ошди — БМТ

17:00 | 4 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг биринчи ярмида Эронда амалга оширилган қатл жазолари сони 2024 йилнинг шу даврига нисбатан икки бараварга ошди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бошқармаси маълумотларига кўра, йил бошидан бери камида 612 киши қатл этилган.

Qatl

Айниқса, этник ва диний озчилик гуруҳлар ҳанузгача Эрон ҳукумати томонидан энг кўп қатл этилаётган тоифа бўлиб қолмоқда. Бу йил 297 нафарга кўпроқ инсон қатл этилгани қайд этилди. БМТнинг юқори комиссари Фолкер Тюрк ҳозирги пайтда 48 киши ўлим жазосини кутаётгани, улардан 12 нафари яқин орада қатл этилиши мумкинлигини билдирди.

27 июл куни Эрон ҳукумати мухолиф «Эрон халқ мужоҳидлари ташкилоти»га алоқадорликда айбланган Беҳруз Эҳсони ва Меҳди Ҳасанийни қатл этганини эълон қилди. Францияда жойлашган Эрон Миллий қаршилик кенгаши раҳбари Марям Рачавий бу қатлларни кескин қоралаб, Эҳсонининг сўнгги сўзларини келтирди:

«Биз ҳеч қачон — ҳеч қандай шароитда — бу қонхўр ва жинояткор режимга бўйсуна олмаймиз. Ҳеч қачон ккамситишига рози бўлмаймиз».

Amnesty International эса қатлларни қонунсиз амалга оширилган деб баҳолади. Қатл этилаётганларнинг 40 фоизидан ортиғи гиёҳвандлик айбловлари билан судланган, суд жараёнлари эса ёпиқ шаклда, умумий ва аниқ бўлмаган айбловлар асосида олиб борилган.

Фолкер Тюрк Эрондаги судлов жараёнларида адолат ва шаффофлик кафолатлари бузилаётганини таъкидлади. 2024 йилда президентликка Масъуд Пезешкиён келганидан кейин қатллар сони 975 нафарга етган. Бу — 2015 йилдан буён энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Ҳозирда Эрон парламенти «жосуслик» тушунчасини кенгайтирувчи янги қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда. Унга кўра, хорижий ОАВ билан алоқа қилиш ёки интернет орқали маълумот алмашиш ҳам «душман давлат билан ҳамкорлик» деб баҳоланиши ва ўлим жазосига олиб келиши мумкин.

БМТ Эронни қатл жазосини тўхтатиш ва уни тубдан бекор қилиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларга қўшилишга чақирмоқда.