Фискал стратегия: Ўзбекистонни қандай иқтисодий ўзгаришлар кутмоқда?

19:00 | 6 дақиқада ўқилади.

2030 йилгача Ўзбекистон иқтисодий ҳажмини 160 млрд доллардан 200 млрд долларгача ошириш режалаштирилган. Шу даврда жон бошига тўғри келадиган даромад миқдорини 5 минг доллардан ошириш мақсад қилинган.

Yaim daromad

Иқтисодиёт ва молия вазирилиги 2026-2028 йил учун фискал стратегияни эълон қилди. Бунда макроиқтисодий кўрсаткичлар таҳлили, солиқ сиёсати, буджет тақсимоти, давлат қарзини бошқариш ва бир қатор иқтисодий режалар очиқланган.

 

2026-2028-йилда нималар бўлади?

Қайд қилинишича, иқтисодий имкониятларда тўлиқ фойдаланиш орқали 2030-йилга қадар иқтисодиётни миллий стратегияда белгиланган 160 млрд долларидан ошириб, 200 млрд АҚШ долларига етказиш мақсад қилинмоқда.

Шунингдек, “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш, аҳоли жон бошига даромадларни 5 минг долларидан (Доллар курси ўртача 12 минг 500 сўм ҳисобланса, бу 62 млн 500 минг сўм бўлади) ошириш режалаштирилди. 2025-йилнинг олти ойига кўра, бу кўрсаткич жон бошига 13,7 млн сўмни ташкил қилади.

 

Stat iv01
Инфографика: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

ЯИМ йиллик ўсишини эса камида 6 фоиз, инфлацияни 5 фоиз, буджет тақчиллигини ЯИМга нисбатан 3 фоиздан ошмаслигини таъминлаш ҳамда давлат қарзини мўътадил даражада сақлаб қолиш орқали эришиш белгиланди.

Stat im02
Инфографика: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

 

Дунёда нима бўлади?

Халқаро валюта жамғармасининг ҳисоботига кўра, жаҳонда савдо сиёсатидаги кескин ўзгаришлар глобал савдо тизимини қайта шакллантириши ва ноаниқликларни кучайтириши мумкин. Аниқроғи, жаҳон иқтисодиёти ўсиши 2025 йилда 2024 йилдаги 3,3 фоиздан 2,8 фоизгача пасайиши ҳамда 2026 йилда 3 фоизни ташкил этиши прогноз қилинган.

2025 йилда ривожланган мамлакатларнинг иқтисодий ўсиши 2024 йилдаги 1,8 фоиздан 1,4 фоизга камайиши, 2026-йилда эса 1,5 фоизга етиши кутилмоқда. Ривожланаётган мамлакатларда эса ўсиш суръати 2024-йилдаги 4,3 фоиздан 2025-йилда 3,7 фоизга, 2026-йилда эса 3,9 фоизга тушиши тахмин қилинмоқда.

Шунингдек, глобал инфлация 2025-йилда 2024-йилдаги 5,7 фоиздан 4,3 фоизга, 2026-йилда 3,6 фоизгача пасайиши прогноз қилинган.

 

Ўзбекистондан нималар кутилмоқда?

Ушбу ҳисобда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши 2025-йилда 5,9 фоиз (2024-йил октябрдаги прогноз – 5,7 фоиз), 2026-йилда 5,8 фоиз миқдорида прогноз қилинган. Иқтисодий ўсиш эса қуйидагича кутилмоқда:

  • 2025 йилда 6,2 фоиз;
  • 2026 йилда 6,1 фоиз;
  • 2027 йилда 6,3 фоиз;
  • 2028 йилда 6,1 фоиз.

 

Давлат қарзи

Stat im03
Инфографика: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Давлат қарзи 2025-йилда ҳам ЯИМга нисбатан 35 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда. Келгуси йилларда ташқи қарзлар жорий даражада ушлаб турилиб, фақат муҳим инфраструктура лойиҳаларини молиялаштириш учун жалб қилинишини маълум қилинган.

Умуман олганда, 2026–2028-йилларга мўлжалланган фискал стратегия Ўзбекистоннинг макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш, давлат молиясини самарали бошқариш ва иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашга қаратилганлигини кўрсатади.

Аввалроқ, 2026-2028 йилларда иш ҳақи, пенсия ва нафақа миқдорларини ҳар йили инфляциядан юқори оширилиши режалаштирилганини   маълум қилган эдик. Бу фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилашга қаратилгани айтилган.

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.