Ҳиндистонлик аёлда дунёда ягона бўлган янги турдаги қон гуруҳи аниқланди

18:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Ҳиндистонда 38 ёшли аёлда илгари дунёда қайд этилмаган CRIB номли қон гуруҳи аниқланди. Бу тиббиётда улкан янгилик сифатида баҳоланмоқда ва 2025 йил июн ойида Миланда бўлиб ўтган халқаро тиббий анжуманда тақдим этилди.

Qon

Карнатака штатида яшовчи аёлда ушбу ҳолат уни жарроҳлик амалиётига тайёрлаш жараёнида аниқланган. Унинг қони расмий равишда O Rh+ деб қайд этилган бўлса-да, мавжуд донорлар қонида унга мос намуна топилмаган. Жамшедпурдаги Кулар клиникаси шифокори Анкит Матурнинг сўзларига кўра, аёлнинг қони барча тестлар билан мос бўлмаган ва шифокорлар уни «панреактив» деб баҳолаган.

Беморнинг 20 нафар яқин қариндошидан олинган қон намунасидан ҳам ҳеч бири мос келмаган. Бундан сўнг унинг қони Буюк Британиядаги Bristol шаҳрида жойлашган Халқаро қон гуруҳлари лабораторияси ва Ҳиндистондаги Бенгалор қон марказига юборилган. 10 ойлик молекуляр тадқиқотлар натижасида янги — CRIB номли антиген қон гуруҳи тасдиқланган.

Аёлдаги операция муваффақиятли ўтказилган ва қон қуйиш талаб этилмаган. Ҳозирда Ҳиндистонда CRIB қон гуруҳига эга бўлган шахслар учун алоҳида реестр ташкил этилиши бошланган. Олимлар бундай нодир ҳолатларнинг пайдо бўлишига мамлакатдаги қариндош-қариндошга турмуш қуриш анъаналари ҳам таъсир кўрсатаётганини таъкидламоқда.