Марказий Осиёда газ танқислиги ортиб бормоқда

16:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Марказий Осиёда табиий газ етишмовчилиги тобора кучаймоқда. Бу демографик босим, эскирган инфратузилма ва ташқи геосиёсий боғлиқликлар фонида вужудга келмоқда. Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон каби давлатлар катта захираларга эга бўлса-да, ички талаб ва экспорт мажбуриятларини бир вақтда таъминлашда қийналмоқда.

Gaz

Ҳудуддаги асосий газ захиралари — 3,5 трлн метр куб бўлса-да, инфратузилманинг эскилиги, замонавий технологияларга етарли сармоя киритилмагани натижасида ишлаб чиқариш ҳажми чекланган. Туркманистон дунёдаги энг йирик захиралардан бирига — тахминан 17 трлн метр кубга эга, аммо экспорт имкониятлари чекланган. Қозоғистон йилига 59 млрд, Ўзбекистон 45 млрд, Туркманистон эса 81 млрд куб метр газ ишлаб чиқаради. Бироқ ички истеъмол ўсиши бу ишлаб чиқаришни босиб кетмоқда.

Минтақада газ экспорт йўллари асосан Россия назоратидаги қувурларга боғлиқ бўлиб, бу мамлакатларнинг ташқи сиёсий мустақиллигини чекламоқда. Газпром ва Роснефт каби компаниялар Қозоғистон ва Ўзбекистондаги лойиҳаларда иштирок этмоқда. Шу билан бирга, Хитой «Бир макон — бир йўл» ташаббуси доирасида йирик инфратузилма лойиҳаларини молиялаштирмоқда ва минтақадаги таъсирини кенгайтирмоқда.

Европа Иттифоқи ва АҚШ минтақада яшил энергия, рақамлаштириш ва бошқарув ислоҳотлари орқали иштирок этишга ҳаракат қилмоқда. Аммо уларнинг сармоя миқдори Хитой ва Россияникига нисбатан анча кам. Эрон эса Туркманистон учун денгизга чиқиш йўли сифатида стратегик аҳамиятга эга бўлиши мумкин, аммо санкциялар ва сиёсий мураккабликлар бу ҳамкорликни чеклаб келмоқда.

Украинадаги урушдан сўнг Россиянинг минтақадаги иқтисодий ва хавфсизлик бўйича роли камаймоқда. Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатлари геосиёсий мувозанатни сақлашга интилмоқда. Минтақадаги энергия маълумотларининг ноаниқлиги эса сиёсий ва сармоявий қарорларни қабул қилишда жиддий тўсиқ бўлмоқда.