Давлат раҳбари охирги уч йилда 250 минг гектар ғалла ва пахта ерлари озиқ-овқат етиштиришга ўтказилгани, 160 минг гектар янги боғ ва токзорлар барпо этилгани ҳамда 1,5 мингта лойиҳа орқали 1 млрд долларлик озиқ-овқат секторида инвестициялар амалга оширилганини таъкидлади. Шунингдек, 100 минг тонна маҳсулот сақлаш, 70 минг тонна қуритиш, 46 минг тонна саралаш ва қадоқлаш инфратузилмалари яратилгани маълум қилинди.
Соҳадаги ислоҳотлар халқаро даражада эътироф этилмоқда — жорий ойда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Кенгашига аъзо бўлди. Президент бу аъзоликни янги лойиҳалар ва сармоялар жалб этишда катта имконият сифатида баҳолади.
Йиғилишда халқаро вазиятдаги беқарорлик, иқлим шароитидаги кескин ўзгаришлар, иссиқлик ва совуқлик каби омиллар ҳар бир экспорт бозорининг мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга эканини яна бир бор кўрсатиб берди. Шу сабабли, соҳа масъуллари ва ҳокимлар об-ҳавони баҳона қилавермасдан, шароитга мослашиб, иссиқ ва совуққа, сувсизликка чидамли маҳсулотлар етиштиришга ўтиши зарурлиги қайд этилди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти 44 фоизга ошиб, 1 млрд 326 млн долларни ташкил этди. Экспорт йўналишлари 16 та янги давлат билан кенгайган бўлса-да, Сурхондарё, Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистон ҳудудлари бу соҳада паст кўрсаткичлар қайд этган. Навоий вилояти эса ўтган йилги даражани ҳам таъминлай олмаган.
Президент ушбу ҳудудларга бириктирилган Ҳукумат вакиллари ва маҳаллий ҳокимлар фаолиятни кучайтиришлари шарт эканини кескин таъкидлади.