Янги кодексга кўра, сув энди умуммиллий бойлик сифатида эътироф этилади ва давлат томонидан муҳофаза қилинади. Сувдан фойдаланиш турлари «умумий» ва «махсус» деб ажратилади. Бунда ер усти ва ер ости сув манбалари, шу жумладан, трансчегаравий объектлар ҳам назоратга олинади.
Қонунга мувофиқ, мамлакатда Республика сув кенгаши, шунингдек, ҳавза ва ҳудудий даражадаги сув кенгашлари фаолияти йўлга қўйилади.
Маълум бўлишича, сув объектлари доимий ёки вақтинча фойдаланишга, шу жумладан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларга асосан фойдаланишга берилади. Сув объектидан вақтинча фойдаланиш муддати 3 йилдан кам бўлмаслиги ва 49 йилдан ошмаслиги керак.
Сувдан умумий фойдаланиш жумласига қуйидагилар киради:
▪️ ўзининг ичимлик ва хўжалик-маиший эҳтиёжлари учун сув олиш;
▪️ чўмилиш;
▪️ чорва молларини суғориш;
▪️ спорт ва ҳаваскорлик йўли билан балиқ овлаш.
Сувдан махсус фойдаланиш Кодексда белгиланган ҳолларда рухсатнома асосида амалга оширилади.
Янги кодекс сувдан ноқонуний ёки шартномасиз фойдаланиш ҳолатларига қарши молиявий санкцияларни ҳам назарда тутади. Масалан, лимитдан ортиқ олинган сув учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи, шартномасиз олинса — 30 фоиз, ҳисобга олиш воситаларисиз сув олинса — 5 фоиз миқдорида жарима қўлланилади.
Сув олиш тартибининг бузилиши молиявий санкциялар қўлланилганидан кейин 1 йил ичида такроран содир этилганда, ушбу молиявий санкциялар 5 баравар миқдорда қўлланилади.